Жадидларнинг ғоялари ёшлар учун бир маёқдир (+видео)
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Жадидлар: миллий ўзликдан давлатчилик ғоялари сари” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда сўзга чиққанлар 2023 йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишида Президентимизнинг зиёлилар олдига қўйган вазифалари ҳақида тўхталиб, жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримизнинг сиёсий ва ижодий фаолияти хусусида сўз юритдилар.
Юртбошимиз Кенгаш йиғилишида “Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий. Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”, дея таъкидлаган эди.
[gallery-16093]
– Тадбиримизнинг асосий мақсади ёшлар ўртасида маърифатпарвар боболаримизнинг ҳаёт йўли, юрт тараққиёти йўлида олиб борган ишлари, илгари сурган эзгу ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган, – дейди университетнинг ижтимоий фанлар кафедраси мудири Шуҳрат Норов. – Бугун юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири – бу ёшларнинг тарбияси, ёшларнинг келажакда комил инсон бўлишига қаратилган. Тарихимиздан маълумки, мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ ёшларга оид давлат сиёсати қабул қилинган ва ушбу сиёсат 2016 йилдан бошлаб янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда ёшларимиз учун жуда кўп имкониятлар яратилиб берилмоқда. Шунингдек, уларнинг тарбиясига эътибор қаратиш мақсадида қонунларимиз такомиллаштирилмоқда. Бунинг замирида боболаримиз, яъни жадидларимиз томонидан олиб борилган сиёсат, илгари сурилган ғоялари ётибди, деб ўйлайман. Ёшлар тарбиясида биринчи навбатда ота-онанинг роли муҳим саналади. Жадидларимиз ҳам болалар тарбиясида ота-она масъул бўлиши лозимлигини таъкидлаган. Улар амалга оширолмаган эзгу ғояларни бугунги ёшларимиз амалга оширишига ишонаман.
Албатта, бугунги кунда жадидларнинг тақдир йўлларини чуқур ва холис ўрганиш, илғор ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, ёшлар орасида маърифатпарварликни кенг ёйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6E7crLuG9tI" title="Jadidlarning gʻoyalari yoshlar uchun bir mayoqdir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,видео), ЎзА мухбирлари