Изланувчан ва жонкуяр муаллима
Нукус шаҳридаги 31-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби Қорақалпоғистон Республикасидаги нуфузли таълим даргоҳларидан.
Нукус шаҳридаги 31-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби Қорақалпоғистон Республикасидаги нуфузли таълим даргоҳларидан. Сабаби, бу ерда таълим-тарбия ишлари пухта йўлга қуйилган.
Энг асосийси, чуқур билимга эга, изланувчан ўқитувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Шундай фидойи педагоглар қаторида инглиз тили фани бўйича олий тоифали ўқитувчи Перигул Қидирниёзовани алоҳида эътироф этса, арзийди.

Перигул Қидирниёзова мактабдаги инглиз тили фани метод бирлашмасига ҳам раҳбарлик қилади. Унинг раҳбарлигида 25 нафарга яқин малакали ўқитувчи республика доирасида ўтказилаётган семинарларда доимий машғулотлар олиб боради. Шунингдек, муаллиманинг кўпгина ўқувчилари фан олимпиадаси ва Билимлар беллашувида совриндор бўлиб келаётир.
– Мактабимизда замонавий педагогик технологияларни амалиётга татбиқ қилиш учун шарт-шароит етарли. Албатта, мавжуд имконият бизга дарсларни ҳар тарафлама таъсирчан ва қизиқарли қилиб ўтишимизга туртки бермоқда. Мақсадим – шогирдларим чет тилини чуқур ўрганиб, ўз соҳасида хориж тажрибалари билан яқиндан танишиш даражасида билим ва салоҳиятга эга бўлишсин, – дейди П. Қидирниёзова.
Изланувчан ва жонкуяр муаллима мактабдаги маданий-маърифий ишларга бош-қош. У ўқувчи-ёшларнинг ижодий қобилияти ва тафаккурини ошириш мақсадида “Ёш ижодкорлар” тўгарагини ташкил қилган.
Перигул Қидирниёзова ибратли оиланинг бекаси ҳам. Турмуш ўртоғи Улуғбек Сапарбоев 51-сонли умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс беради. Икки нафар фарзанд вояга етаётган бу зиёли оилага таниган-билган борки, ҳавас қилиши бежиз эмас.