Изланишга кенг имконият
Ёшларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, китобга, билим ва маърифатга ошно этиш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда устувор ўрин эгаллайди.
Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида навқирон авлоднинг таълим-тарбияси, бандлиги, ҳаёт фаровонлигини таъминлаш, зарур имконият ва имтиёзларни яратиб бериш борасида кўплаб амалий ғоялар ўртага ташланган эди. Айни пайтда ўғил-қизларнинг одоб-ахлоқи, маънавиятини тўғри шакллантириш, уларни ёт ва зарарли ғоялардан ишончли ҳимоялаш, спортга ошно этиш бўйича кўплаб устувор вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган "Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди, десак янглишмаймиз. Ушбу қарор ёшларни ўз устида мунтазам ишлаш, изланишга ундаш ҳамда билимли ёшларни янада қўллаб-қувватлашдек мақсадларни кўзда тутиши билан аҳамиятлидир.
Унга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилинади. Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, таълим соҳалари кесимида, республика бўйича энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Президент грантига даъвогар бўлади.
Бунда Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Муайян таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади. Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари ва танлов тўлиқ якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Қарорга кўра, Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланади.
Ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланади ва тўланади. Ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Танловда иштирок этиш учун олий таълим муассасаси ректори томонидан биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган Президент грантига даъвогар талабага унинг ўқиш давридаги ютуқлари, жумладан, илмий-тадқиқот фаолияти, ташаббускорлиги, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштирганлиги, намунали хулқ-атворга, соҳаси бўйича зарур билимга ҳамда республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ўз фуқаролик позициясини билдира олиш кўникмаларига эга эканлиги каби шахсий фазилатлари бўйича тавсифнома беради.
Ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид конференцияларда иштирок этиш, таълим йўналишига мос камида иккита илмий-тадқиқот ишини эълон қилиш, давлат тили билан бир қаторда камида битта хорижий тилни ва Ўзбекистон тарихини билишга оид талаблар Президент гранти танлови нечоғли юксак масъулиятли ва шарафли жараён эканини яна бир карра англатади. Бу каби эзгу маърифий ташаббуслар билимга чанқоқ, мақсад сари дадил интилувчан, қатъиятли ёшларимиз сафини янада кенгайтиради.
Н.Усмонова, ЎзА