Изланиш, маърифатга интилиш ва рағбат
Акс-садо
"Заковат" – бу ўйиндан ҳам кўра ақл мусобақаси, интеллект беллашуви, десак муболаға бўлмайди.
Томошабин руҳиятига маънавий қувват берувчи, билимлари, тасаввурларини бойитувчи мазкур мусобақа мамлакатимиз ойнаижаҳон мухлисларининг меҳрини қозонган, кўпларнинг эътиборига тушган.
Дунёда қўҳна цивилизациялар, асрлар қаърига чўмган тамаддунлар бисёр. Бироқ Марказий Осиёда шаклланган илм-фан дунёга шиддатли тараққиёт, ривожланиш учун туртки берган. Табаррук диёримиз алломалар, олиму фозиллар диёри бўлиб келган азалдан. Бу заминда вояга етган буюк мутафаккирлар жаҳон илм-фани, маърифати, инсоният маънавиятининг тараққиётида етакчи ўрин тутган. "Заковат" маърифий лойиҳаси ҳам юртимизда қандай буюк алломалар шаклланганини яна бир карра намоён этувчи мусобақа эканини мамлакатимизнинг ёшлари, зиёлилар, умуман, барча бирдек эътироф этади.
"Заковат" интеллектуал ўйини ташкил этилганига ҳам йигирма йил бўлибди. Бироқ ушбу дастурининг доимий навқирон руҳи, томошабинга тақдим этувчи завқи, маърифати унинг гўёки кеча ёки бугун экран юзини кўраётгандек тасаввур бераверади. Негаки, "Заковат"нинг ғояси эскирмайди, у доим ёшларга хос самимияти, беғуборлиги, билим сари интилишга чорлаши билан қадрли бўлиб қолаверади. Мазкур маърифий лойиҳада иштирок этган ҳамюртларимиз бугун жамият ҳаётининг турли жабҳаларида ҳам фаоллигини, топқирлиги, изланишу янгиликларга ўчлигини муносиб тарзда намойиш этиб келмоқда.
Бир пайтлар ойнаижаҳон орқали ҳар биримизнинг хонадонимизга кириб келган "Заковат" интеллектуал мусобақаси кўрсатуви қизғин баҳсларга, мунозара, ҳам тортишувларга бойлиги билан, эндиликда иқтидор соҳибларини ўз сафида бирлаштирган маърифий ҳаракат сифатида ҳамон юртдошларимиз эътиборида бўлиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур лойиҳани муттасил тарзда диққат билан кузатиши, унга бефарқ эмаслиги аслида мамлакат етакчисининг интеллектуал салоҳияти юксак ёшлар сафининг кенгайишига мудом хайрихоҳ эканини яна бир карра намоён этди.
Юртбошимиз "Заковат" маърифий лойиҳасини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, унинг сафини кенгайтириш, иқтидор соҳиблари учун зарур барча имконият ва шароитларни яратиш бўйича янги-янги ташаббусларни илгари сурди. Ушбу интеллектуал ўйиннинг фидойилари, фаол, ўзини кўрсата олган, яхши натижалари билан кўпчилик эътиборига, назарига тушган ёшларнинг меҳнатини, изланишини муносиб тарзда тақдирлади, руҳлантирди. Бу эса мамлакат ёшларига билдирилган юксак ишонч, кўрсатилган меҳр ва эътибор, эътирофнинг яна бир амалий ифодасидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА