Ижтимоий ходим ким ва унинг вазифалари қандай?
Юртдошларимизнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини тубдан ошириш, манзилли ёрдам кўрсатилишига эришиш мақсадида ўтган йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Вилоятларда агентлик бошқармалари, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
2023 йил 15 октябрдан бошлаб дастлаб 28 та туман ва шаҳарда эксперимент тариқасида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди ва ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан ижтимоий хизматлар, ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими яратилди.
Жорий йилдан бошлаб мазкур тизим бутун мамлакатимиз бўйлаб ишлай бошлади. Шу пайтгача “бешлик” тарзида фаолият кўрсатган маҳаллаларда эндиликда ижтимоий ходим ва солиқчи фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, “маҳалла еттилиги” пайдо бўлди.
Хўш, ижтимоий ходим ким, унинг вазифаси нималардан иборат?
– Маҳаллада ишлайдиган ижтимоий ходим аҳолининг ижтимоий хизмат ва ёрдамлар, шунингдек, ижтимоий иш фаолияти ҳақида хабардорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни ташкил қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг мурожаатига асосан, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда ўз ташаббуси билан “ижтимоий иш”ни очиш ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режасини тузиш учун дастлабки баҳолаш ўтказишни амалга оширади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сардор Луқмонов. – Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга зарур ҳолларда қисқа муддатли индивидуал ижтимоий ёрдам режасини тузади, аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш беради. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва бошқалар билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг муаммоларни ечиш бўйича комплекс чоралар кўради. Умуман, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ асосий масалалар ижтимоий ходим зиммасида бўлади. Ходим бу вазифаларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали амалга оширади.
Ўтган йил 15 октябрдан бошланган экспериментда Самарқанддан Пахтачи тумани ва Каттақўрғон шаҳри тумани танланиб, мазкур ҳудудларда “Инсон” ижтимоий хизматлари марказлари ташкил этилди. Марказларда катта ёшдагилар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш, ногиронлар билан ишлаш, маҳаллада ижтимоий хизматни ташкил этиш, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий тўловлар шуъбалари фаолият кўрсатади. Жорий йилдан вилоятимиздаги барча туман ва шаҳарларда шундай марказлар иш бошлади. Уларнинг ҳар бирида 10-12 нафар ходим ишлаяпти. Ҳозиргача 7 та марказ белгиланган талаблар асосида жиҳозланган, ходимлар ва аҳоли учун зарур шароит яратилган ўз биносига эга бўлди. Қолган марказларни ҳам шундай бинолар билан таъминлаш чораси кўрилмоқда.
Шу билан бирга ҳозирда Пахтачи тумани ва Каттақўрғон шаҳридан ташқари барча туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар учун ижтимоий ходимларни саралаш жараёнлари давом этмоқда. Бу борада ҳам аниқ тартиб-қоидалар мавжуд, яъни ижтимоий ходим вазифасига ишга қабул қилиш меъёрлари ишлаб чиқилган. Шу асосида номзодлар ўрганилмоқда ва улар vacancy.argos.uz тизими орқали ишга қабул қилинади.
Маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолият кўрсата бошлади. Айтиш мумкинки, тизим кутилган натижани берди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида хонадонбай иш олиб борилди. Кимга қандай турдаги ижтимоий кўмак кўрсатиш зарур бўлса, янги тизим орқали амалга оширилди.
Эксперимент жорий этилган Пахтачи туманида 59 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Ўтган йили бу маҳаллаларда оила сонидан келиб чиқиб (ҳар 2-2,5 минг оила учун бир нафар), 26 нафар ижтимоий ходим иш бошлади.
– Ижтимоий ходимларимизнинг 12 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, – дейди Пахтачи тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Гулчеҳра Бобоназарова. – Шунингдек, маҳаллалардаги ёлғиз кексалар, ногирон ва беморларнинг уй-рўзғор юмушларига кўмаклашувчи 20 нафар ижтимоий ассистент бор. Бевосита марказнинг ўзида эса 10 нафар ижтимоий ходим фаолият кўрсатади. Ҳар бир шуъбада 2 нафардан олий маълумотли, ўз йўналиши бўйича зарур билим ва малакага эга мутахассислар ишга қабул қилинган. Бундан ташқари, 2 нафар психолог ва 1 нафар ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчидан иборат мобиль гуруҳимиз мавжуд.
Бизнинг асосий фаолиятимиз оғир аҳволга тушиб қолган ва шу ҳолатга тушиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш, мазкур тоифадаги аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш режаларини ишлаб чиқиш, ташкил этиш, бу ишга кўнгиллиларни жалб қилиш каби вазифалардан иборат. Қарийб тўрт ойдан буён зиммамиздаги ана шу вазифалардан келиб, бир қатор ишларни амалга оширишга эришдик.
Жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 5 нафар ёлғиз яшовчи ҳамда кекса ва ногиронлиги бўлган шахс аниқланиб, “Ёлғиз кекса” реестрига киритилди. Ҳозирги кунда ушбу реестрда туманимиз бўйича 129 нафар шахс рўйхатда туради ва уларга ижтимоий ассистентлар хизмат кўрсатиб келмоқда. Шу йилнинг 15-23 январь кунлари туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасида уларнинг 2 нафари ногиронлик аравасига, 1 нафари кўз ойнакка, 10 нафари ҳассага муҳтожлиги аниқланди.
4568 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг 117 нафари реаблитация техник воситалари билан таъминланди. Йил бошидан буён яна 18 нафар фуқарога электр юритмали аравача, қўлтиқ таёқ ва бошқа воситалар берилди.
Ўтган йил 1 ноябрдан буён маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар томонидан ижтимоий хизматларни мувофиқлаштирувчи алоҳида электрон модуль – e-case асосида 301 та кейс, яъни ижтимоий кўмакка муҳтож бўлганларга ижтимоий ёрдам ва хизмат яратилди. Мобиль гуруҳ эса 87 нафар фуқарога психологик ёрдам кўрсатди ва уларнинг 73 нафарида ижобий ўзгаришлар кузатилди. 79 нафар шахсга юрист консульт ёрдами берилди.
Ижтимоий тўловлар шуъбаси ходимлари томонидан “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри орқали 2023 йил ноябрда 12129 оила (тумандаги жами оилаларнинг 26 фоизи)га ижтимоий нафақа тайинланган бўлса, 2024 йил январь ҳолатига тумандаги 46824 та оиладан 10009 тасига (21,4 фоиз) ижтимоий нафақалар тайинланди.
[gallery-15870]
Бир неча йил халқ билан бирга ишлаб келаётган давлат хизматчиси сифатида айтишим мумкинки, янги тизим ҳақиқий муҳтож инсонларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни қўллаб-қуватлашнинг самарали усулига айланмоқда.
Кези келганда таъкидлаш лозим, давлат раҳбарининг тегишли қарорида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишда ижтимоий ходимларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланиши белгиланган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари