Ижтимоий хизматларда инсон қадри бош мезон
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуддаги маҳаллаларда фаолият юритаётган бир гуруҳ ижтимоий ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда вилоят раҳбари ижтимоий ходимлар фаолиятига алоҳида тўхталиб, уларни бугунги даврнинг ҳақиқий қаҳрамонлари сифатида эътироф этди. Таъкидланганидек, улар ҳар куни инсонлар дарди билан яшаб, муаммоларига ечим топиш йўлида фидокорона хизмат қилмоқда. Айнан шу жиҳат уларнинг меҳнатини жамият учун беқиёс ва шарафли касбга айлантиради.

Мазкур учрашув жойларда олиб борилаётган ижтимоий ишлар самарадорлигини ошириш, аҳоли билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Мулоқотда ҳозир маҳалла тизими давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айлангани, айниқса, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишда ижтимоий ходимларнинг ўрни тобора ортиб бораётгани айтилди.
Бугунги кунда вилоятдаги 883 та маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолият юритмоқда. Бу эса аҳоли билан манзилли ишлаш, муаммоларни бевосита жойида аниқлаш ва тезкор ҳал этиш имконини кенгайтириб, ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Тадбирда ижтимоий ходимлар ўз фаолиятлари юзасидан батафсил маълумот бериб, айниқса, эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамларни манзилли етказиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, улар жойларда учраётган айрим тизимли муаммолар, ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарурати каби масалалар билан ҳам мурожаат қилди.
– Ҳар бир эшик ортида бир инсон тақдири бор, – дейди Бўка тумани Янги ҳаёт маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Гулчеҳра Сулаймонова. – Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга кўмаклашиш, улар учун яратилаётган имконият ва имтиёзларни ўз вақтида ҳамда тўғри етказиш фаолиятимизнинг асосий йўналиши саналади. Бугунги мулоқот жараёнида ушбу ишларни янада самарали ташкил этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик. Вилоят ҳокими томонидан фахрий ёрлиқлар берилиши эса бизга катта мотивация бўлди.

Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила дарди турганини алоҳида қайд этиб, ижтимоий ходимлардан фуқаролар билан ишлашда янада масъулиятли, сезгир ва ташаббускор бўлишни талаб қилди. Айниқса, муаммоларни ортга сурмасдан, уларни жойида ҳал этиш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш муҳимлиги айтилди.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш, рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва ижтимоий ходимларнинг меҳнатини рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли мутасаддиларга муаммоларни тизимли ҳал этиш, ижтимоий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Якунда эса бир гуруҳ фидойи ижтимоий ходимлар меҳнати алоҳида эътироф этилиб, уларга вилоят ҳокими томонидан фахрий ёрлиқлар топширилди.
Бу каби учрашувлар мунтазам ўтказиб борилиши, ҳар бир ҳудуддаги реал ҳолат чуқур ўрганилиши мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этилишига хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА