Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот илмда” мавзусида ҳарбий хизматчиларнинг ижодкорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами муносабати билан ҳарбий қисм раҳбарияти, Ўзбекистон Журналистлар ҳамда Ёзувчилар уюшмалари вилоят бўлимлари ҳамкорлигида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, ёш ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, улар учун яратилган имкониятлар, таълим-тарбия, аскарлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг илм олиш, китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш хусусида сўз юритилди.

– Аскарлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳарбий бурчни юксак даражада адо этишларига руҳлантиришда адабиётнинг ўрни ва роли муҳимдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Восит Аҳматхонов. – Шу маънода аскарларнинг ижод аҳли билан учрашуви уларга катта маънавий озуқа бериш билан бирга, илм эгаллашга интилиши, адабиётга бўлган қизиқишини оширишга, қалбларида юксак инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тадбирда ижодкорларнинг она Ватан, миллий тарбия, тинчлик, меҳр-оқибат мавзуларидаги чиқишлари, ўқилган шеърлар ҳарбий хизматчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари