Ижодкордан китобхонга: Фармон Тошевнинг маънавий туҳфаси
Самарқандлик журналист, шоир ва ёзувчи, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи маънавий-маърифий учрашувлар ва китоб тақдимотларига бой бўлди.
Дастлаб вилоят ахборот-ресурс марказида ижодкор билан учрашув ташкил этилди. Унда фахрий ижодкорлар, кутубхона ходимлари, ёшлар ва китобхонлар иштирок этди.
Мулоқот давомида Фармон Тошев журналистика ва адабиётдаги кўп йиллик фаолияти, ижоднинг машаққатли ва шарафли йўли, касб давомида орттирган тажрибалари, учрашув ва хотиралари ҳақида сўзлади. Айниқса, ёшларни китоб мутолаасига жалб этиш, уларда мутолаа маданиятини шакллантириш бугунги ахборот оқими кучайган даврда ҳар қачонгидан-да муҳим эканини таъкидлади.
Китобхонликни кенг тарғиб этишга давлат даражасида қаратилаётган эътибор, яратилаётган имконият ва рағбатлар натижасида жамиятда мутолаага қизиқиш тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Зеро, китоб инсоннинг нафақат билим ва дунёқарашини бойитади, балки уни фикрлашга, воқеа-ҳодисаларга холис муносабат билдиришга ўргатади.
[gallery-31669]
Учрашувнинг яна бир эътиборли жиҳати ижодкорнинг ўз китобларини китобхонлар билан баҳам кўргани бўлди. Фармон Тошев ўз қаламига мансуб ҳамда “Зарафшон газетаси кутубхонаси” рукнида чоп этилаётган юзлаб китоблардан иборат жамланмани вилоят ахборот-ресурс маркази фондига тақдим этди.
Маънавий-маърифий ташриф Косон туманида ҳам давом этди. Абдулла Орипов номидаги кутубхонада ташкил этилган учрашувда китобхонлар билан мулоқот қилиниб, кутубхона фонди яна бир қатор адабий ва публицистик асарлар билан бойитилди.
Кейинги манзил эса Касби тумани Қатағон қишлоғида фарзандлари ташаббуси билан фахрий ўқитувчи Холбой Хонқулов номига ташкил этилган “Ёшлар маркази” кутубхонаси бўлди. Бу ерда ҳам китоблар жамланмаси ёшлар ихтиёрига топширилди.
Қишлоқдаги ушбу учрашув айниқса самимий кечди. Зеро, олис ҳудуддаги ёшлар учун таниқли ижодкор билан юзма-юз мулоқот қилиш, унинг китобларини қўлга олиш ва ижодий тажрибасидан баҳраманд бўлиш ўзига хос маънавий воқеадир.
Фармон Тошевнинг “Қарнабчўл қўшиғи”, “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Қарнабота армони”, “Журналистнинг нони қаттиқ” каби шеърий, насрий ва публицистик тўпламлари китобхонлар орасида кенг тарқалган.
Бундай ташрифлар, аввало, китобни китобхонга яқинлаштириши билан аҳамиятли. Айниқса, ижодкорнинг ўз асарларини турли ҳудудлардаги кутубхоналарга туҳфа қилиши нафақат китоб фондларини бойитади, балки ёшларда мутолаага қизиқиш уйғотиш, адабиёт ва ижод аҳлининг китобхон билан бевосита мулоқотини кучайтиришга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари