Ижодкор ва ўқувчилар учрашуви
Ижодкорлар бўлган давранинг файзи бўлакча. Шеър-ку ўқилиши тайин, юрт, улуғларимиз, уларнинг ўгитлари, ота-онаю устоз қадри, хотиржам яшаш завқи ҳақидаги дилтортар фикрлар бошқа бирор даврада бу қадар теран ифода этилмаётгандай туюлади, назаримда.
Айниқса, даврада ёшлар, ўсмирлар бўлса, айтилган гаплар қалбларга нурдай сингиб бораётганини ҳис этиб турсанг, ўзинг ҳам яйраб кетасан. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги 4-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид билан бўлган учрашувда ана шу фикрлар иштирокчилар хаёлидан ўтгани тайин. Шоир сўзлаётганида сув қуйгандай жимжит мажлисхонада ўқувчи ёшларнинг порлаб турган кўзлари, диққати, олқишлари бундай суҳбатлар керак эканини сездириб турди. Учрашув жуда қизиқарли бўлди.

Ғайрат Мажид адабиёт ва унинг қудрати ҳақида гапирди, шеърларидан ўқиди. Тадбирни бошқарган Яшин Тўраев эса шоир ижодининг ўзига хос жиҳатларини гапириб берди. Туман халқ таълими бўлими мудири Авлоқул Авлаев учрашув ўқувчи ёшлар учун энг яхши дарслардан бири бўлгани ҳақида гапириб, шоирга миннатдорлик билдирди.

Ёзувчилар уюшмаси томонидан мактаб кутубхонасига ўзбек ижодкорларининг сара асарларидан совға қилинганини мактаб жамоаси қувонч билан кутиб олди. Тадбирда нишонлик шоир Элёр Дархон, ижодкор ўқитувчи Имом Ғуломов ҳам ўз шеърларидан ўқиди.
Лола Ўроқова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси