“Ижодкор ўқитувчи – 2021” анжумани
Адабиёт муаллимининг сабоқлари ҳар бир ижодкор юрагида бир умрга ўчмас таассурот қолдиради.
Ўқувчининг мурғак юрагини илк бора ҳаяжонга солган бадиий адабиёт сеҳри унинг келажакда катта ижодкор, шоир ёки ёзувчи бўлиб етишишига асос бўлади. Кеча эрта тонгдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган республикамизда фаолият юритаётган мактаб ўқитувчилари ўртасидаги “Ижодкор ўқитувчи – 2021” анжумани ана шу эзгу мақсадларга қаратилди.
Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликдаги ушбу анжуман ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 29 нафар ижодкор ўқитувчи иштирок этди.
Эрталаб ижодкор ўқитувчилар Адиблар хиёбонида бўлиб, устоз ижодкорларни ёдга олди. Шундан сўнг уюшманинг тадбирлар залида анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, аввало, устоз-мураббийларни келаётган касб байрами билан муборакбод этди. Ижоднинг, шеъриятнинг сирли нуқталарига тўхталди. Шоирнинг “Азизим” шеъри эса йиғилганларга илҳом бағишлади. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминованинг шеърий чиқишлари ижодкор ўқитувчиларни шеъриятнинг сеҳрли оламига етаклади. Маросим якунида ўқитувчи ижодкорларнинг мушоираси ташкил этилди. Мураббийлар томонидан тақдим этилган ғазаллар, шеърлар шодаси адабиёт байрамига ҳақиқий туҳфа бўлди.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман наср ва назм йўналиши бўйича шуъбаларда давом этди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Хуршид Дўстмуҳаммад, Зулфия Мўминова, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди. Ўқитувчиларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилиб, устоз ижодкорлар томонидан сабоқ ва тавсиялар берилди. Фикрлар алмашилди.
Шундан сўнг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда барча иштирокчиларга уюшма томонидан сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. Маросим сўнггида таълим тизимида фаолият юритаётган
9 нафар ва анжуман қатнашчиларидан 3 нафар ижодкор ўқитувчи уюшма аъзолигига қабул қилинди ва уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.


Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист