Ижодий олимпиаданинг республика босқичи бўлиб ўтди
Қашқадарё вилоятидаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида ижодий олимпиаданинг республика босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур олимпиададан кўзланган асосий мақсад ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг имконият яратишдан иборат. Унда ижод мактабларининг 8-9 синф ўқувчилари иштирок этди.
Тадбир доирасида дастлаб “Сўз ва оҳанг сеҳри” номли адабий-мусиқа кечаси ташкил этилиб, у иштирокчилар ва меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.
[gallery-29205]
Олимпиада икки босқичда ўтказилди. Илк босқичда иштирокчилар ижодий матн ёзиш орқали ўз бадиий тафаккури ва ёзма нутқ маҳоратини намоён этди. Кейинги босқич монолог чиқиш жараёнида эса уларнинг нутқ маданияти, саҳнада ўзини тутиш ва фикрни ифодалаш қобилияти синовдан ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра, 8-синфлар ўртасида Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчиси Нилуфар Итолмасова 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби ўқувчиси Кумуш Мамадалиевага насиб этди. Учинчи ўринни Ибрайим Юсупов номидаги ижод мактаби ўқувчиси Гулжайна Оразбаева қўлга киритди.
9-синфлар ўртасида эса Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчиси Замира Аҳмадова ғолиб деб топилди. Иккинчи ўрин Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактаби ўқувчиси Имсиной Исмоиловага, учинчи ўрин эса Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиси Нигора Абдуғаниевага насиб этди.
Ғолиб ва иштирокчилар агентлик томонидан диплом, сертификат, эсдалик совғалари ҳамда оромгоҳ йўлланмалари билан тақдирланди.
Таъкидланганидек, бундай танловлар ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари