Ижодий ишларнинг энг саралари танланди
Бухорода “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.
Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичи ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари, веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари, телевидение ва радио ижодкорлар материаллари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари, кино санъати асарлари номинациялари бўйича ўтказилди.
[gallery-3637]
–Танловда 34 та ижодий иш келиб тушди, – дейди Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Асадов. – Шундан 18 таси комиссия томонидан саралаб олинди. Танлаб олинган асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилганлиги янада аҳамиятлидир. Танлов иштирокчилари истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканлигини, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Бухорода қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистик ижод намуналари, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.
Танлов якунида барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА