Ихтисослашган мактабларда ўқитиш тизими қандай?
Ҳар бир ота-она фарзандининг етук шахс бўлиб улғайишини хоҳлайди. Қолаверса, ҳар қандай мамлакатнинг келажаги шу мамлакат ёшларининг нечоғли билимли, салоҳиятли эканига боғлиқлиги сир эмас.
Фарзандларни болалигиданоқ санъатга, спортга ёки касб-ҳунарга йўналтириш улардаги яширин иқтидорни кашф қилишга ёрдам беради. Шу маънода ота-оналарнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, фарзандларимизнинг маълум фан бўйича чуқур билим эгаллашлари учун юртимизда ихтисослаштирилган давлат умум таълим мактаблари ташкил этилиши айни муддао бўлди.
Ушбу мактаблар фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 173-сонли қарори асосида тартибга солинади. Қабул шу қарор ва унинг асосида тасдиқланган низом бўйича амалга оширилади. Бундай мактабларда иқтидорли ўқувчилар ҳар томонлама чуқур билим олишлари учун барча шароитлар яратилади. Энг асосийси мазкур мактабларда ўқувчилар ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, маълум бир ихтисослик бўйича фанлардан чуқурлаштирилган ҳолда ўтилаётган дарслар орқали таълим оладилар.
Ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларига иқтидорли ўқувчилар давлат тест маркази томонидан тегишли фанлар бўйича ўтказиладиган тест синовлари натижаларига кўра қабул қилинадилар. Ихтисослаштирилган мактабларда фанларни самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун уларга олий таълим муассасаларининг тегишли кафедраларини бириктирилади.
Шу қаторда ишлаб чиқариш тармоқлари учун ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан бир қатор вазифалар қўйилди. Ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти қўшимча молиялаштириш, уларни жиҳозлаш, ўқитувчиларга устама ҳақи тўлаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилди. Ихтисослаштирилган ўқитишга ўтиш қуйидаги мақсадларни кўзлайди:
— тўлиқ умумий таълим дастурининг индивидуал фанларини чуқур ўрганишни таъминлаш;
— ўрта мактаб ўқувчилари учун ўқув мазмуни сезиларли даражада фарқланиши учун индивидуал таълим дастурларини яратиш учун кенг ва мослашувчан имкониятлар яратиш;
— ҳар хил тоифадаги ўқувчилар учун индивидуал мойиллик ва эҳтиёжларига мувофиқ етарли таълим олиш учун тенг имкониятларни яратишга ҳисса қўшиш.
Ихтисослаштирилган мактаб узлуксиз таълим тизимининг асосий бўғини бўлиб, у ўқувчи ёшларга 5-11 синф ҳажмида давлат таълим стандартлари асосида фан асосларидан умумий ўрта маълумот берувчи ҳамда айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитиладиган кундузги мажбурий таълим муассасасидир.
ИДУМларда таълим 5-11 синф ҳажмида олиб борилади ва алоҳида «Таълим дастури» ишлаб чиқилади. Олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик механизмини жорий этилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги ПҚ-4805-сон қарори биринчи иловаси 74-банди ижросини таъминлаш мақсадида мактабларни босқичма-босқич ихтисослаштирилган мактабга айлантириш, керакли асбоб-ускуналар ва адабиётларни сотиб олиш, ўқитувчи ва ўқувчилар билимларини ошириш, уларни республика ва халқаро олимпиадаларда иштирокини ва юқори ўринлар эгаллаши ҳамда бошқа ютуқларга эришишини ўз ичига олган 5 йиллик «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш керак бўлади.
Дарҳақиқат, агар инсон ўзи ёқтирган, ўзида мойиллик, муҳаббат, асосийси, иқтидори борлигини ҳис қилган иш билан шуғулланар экан, бу буюк ғоялар, оламшумул кашфиётларнинг остонаси бўлиб хизмат қилади десак муболаға бўлмайди. Ана шунда дунё маданияти, илм-маърифатининг бешигини тебратган Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Навоий каби аждодларимизнинг муносиб ворислари етишиб чиқади, Ватан шаънини янада юксакларга кўтаради.
Насибахон Ақилова,
1- кимё ва биологияга ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби директори