Ихлос, раҳмат ва саховат ойи
Акс- садо
Рамазон мусулмон олами муштоқлик билан кутадиган ой. Бу ойда мўминларга рўза тутиш фарз қилинган. Рамазон ойида Аллоҳнинг розилигини топамиз, мағфирати, раҳматига сазовор бўламиз. Рамазон ҳидоят, тақво, ихлос, сабр, ибодат, мағфират, раҳмат, дўзахдан нажот топиш, хайру-саховат ва қаноат ойидир.
Президентимизнинг 2024 йил 7 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимизни қувончга тўлдирди. Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон халқи учун эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида ҳудудларда муборак ойни миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилади.
Дарҳақиқат, дилларга шукроналик ҳиссини улашган Рамазон ойи юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чин маънода меҳр-мурувват, оқибат ва саховат ойи сифатида ўтмоқда. Маънавий покланиш, сабр-қаноат, саховат фазилатлари зиёда бўладиган моҳи Рамазонда юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароит яратилди. Қолаверса, Президентимиз Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан халқимизга табрик йўллади. Табрикда бутун Ер юзидаги ислом уммати билан бирга жонажон Ўзбекистоннинг барча мўмин-мусулмонлари ҳам қутлуғ ва муборак рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олгани қайд этилди.

Айниқса, табрикдаги: “Аввало қалбларимизга иймон нурини бағишлайдиган ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз. “Инсон қадри – улуғ” деган олийжаноб тамойилимиздан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишларимиз янада зиёда бўлади, деб ишонамиз. Зеро, ҳадиси шарифларда зикр этилганидек, бу ойда қилинган биргина яхшилик ўн карра мукофот бўлиб қайтади”, деган сўзлар биз учун Рамазон ойининг нақадар улуғ неъмат эканини англатади.
Бинобарин, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар содир бўлмоқда, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Мана шундай паллада биз Аллоҳдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч, осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб, Қадр кечаларида ихлос билан дуолар қилмоғимиз керак.
Рамазон ойи халқимизнинг азалий қадриятларини ўзида мужассам этади. Ҳамюртларимиз нафақат ибодатда собит бўлишга интилади, балки ўзгаларга ҳар қачонгидан кўпроқ сийлаи раҳм қилишга ҳаракат қилади. Кам таъминланган, бемор, боқувчиси йўқ инсонлар ҳолидан хабар олишга, уларга моддий кўмак беришга уринамиз. Ифторлик пайтларида қўни-қўшнига тансиқ таомлар илинамиз. Демак, бу фазилатли ойни янада гўзал тарзда ўтказиш ўзимизга боғлиқ. Рамазон ойи Аллоҳнинг биз мўмин-мусулмонларга берган катта неъмати экан, уни ғанимат билиб қадрлашимиз лозим.
Нуруллоҳ Маҳкамов,
Наманган вилояти Чуст туманидаги
“Саид Насимхон Тўра” жоме-масжиди имом хатиби.
ЎзА