Италияда Этна вулқони уйғонди
Италиянинг Сицилия оролида Этна тоғидан вулқон отилди. Бу ҳақда ANSA ахборот агентлиги мамлакат Миллий геофизика ва вулқоншунослик институти (INGV)га таяниб хабар берди.
Кул устуни 10 км баландликка етди ва вулқон чанги марказий отилиш нуқтаси жануби-шарқига жойлаша бошлади.
INGV вулқон ҳодисаси билан боғлиқ энг юқори (қизил) авиация хавф кодини эълон қилди.
Катания Фонтанаросса аэропортида парвоз жадвали чекланган. Расмийлар етиб келган рейслар сони соатига олтитагача қисқартирилиши ва аэропортнинг бир қисми ёпилишини маълум қилди.
Этна – Европа қитъасидаги энг фаол вулқон бўлиб, баландлиги 3 000 метрдан ошади.
Улкан кул ва лава отилган 2023 йил декабридан буён жим турган вулқон июль бошида яна жонланиб, вақти-вақти билан фаоллашмоқда.