Италия маданияти акс этган кўргазма
Тошкент фотосуратлар уйида Италия элчихонаси ва Италия савдо агентлиги билан ҳамкорликда “Дизайнни қайта англаш — маконлар, буюмлар ва ғояларни қайта яратиш ҳамда қадриятларни бирлаштириш” мавзуида фотокўргазма ва учрашув ташкил этилди.
Ушбу тадбир Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги ташаббуси билан бутун дунё бўйлаб ўтказиб келинаётган Италия дизайни кунининг 10-юбилей нашри доирасида ташкил этилди. Тадбирда дизайн ва архитектура соҳасидаги замонавий ёндашувлар, Италия тажрибаси ҳамда ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида маданий мерос, таълим ва замонавий дизайн йўналишларининг ўзаро боғлиқлиги, шунингдек, дизайнни ривожлантиришда инновацион ёндашувларнинг аҳамияти атрофлича ёритилди.

Тадбир доирасида италиялик мутахассис томонидан “DNA MADE IN ITALY” инновацион лойиҳаси тақдим этилди. Мазкур лойиҳа дизайн, турмуш тарзи ва гастрономия йўналишларини бирлаштирган ҳолда, тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги кўргазма моделини намоён этади.

Шунингдек, тадбирда дизайн соҳасида янги материаллардан фойдаланиш, экологик ва ижтимоий барқарорлик тамойилларини кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА