Италия АҚШ ҳарбий самолётларини ўз ҳудудига қўндиришга рухсат бермади
Италия Мудофаа вазирлиги Қўшма Штатлар ҳарбий самолётларини Сицилия оролидаги Сигонелла авиабазасига қўнишига рухсат бермади. Бу ҳақда “DW” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, гап АҚШ томонидан Яқин Шарқ йўналишига жалб этилган ҳарбий учоқлар ҳақида бормоқда. Улар Сигонеллада қўниш орқали кейинги парвозни давом эттиришни режалаштирган.
Бироқ италиялик ҳарбийларга парвоз ҳақида олдиндан расмий маълумот берилмаган. Шу сабаб зарур мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилмагани қўнишга рухсат берилмаслигига асос бўлган.
Шунингдек, Испания ҳам АҚШнинг айрим ҳарбий самолётлари учун ўз ҳудудидан фойдаланишга чеклов киритганини маълум қилди. Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес мамлакат ҳудуди ва ҳаво маконидан Эрон билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатларда фойдаланишга рухсат берилмаслигин таъкидлаган.
Д.Ҳакимов, ЎзА