IT вa “Gaming” соҳаларида Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлиги ривожланмоқда
Ёшлар ишлари агентлигида Туркиянинг “Bilişim Vadisi" технологик маркази раҳбари ва вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
“Bilişim Vadisi” (Informatika vodiysi) — Туркиянинг энг йирик технология ва инновациялар маркази бўлиб, мамлакатнинг илмий-техникавий салоҳиятини оширишда стратегик аҳамиятга эга. 2019 йилда расмий фаолият бошлаган ушбу технопарк Туркиянинг "Миллий технологик ҳамла" (Milli Teknoloji Hamlesi) дастури доирасида иқтисодий ва технологик мустақилликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Учрашувда “Gaming” индустрияси, технологик стартаплар ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Ташкилот фаолияти, стартаплар учун яратилган муҳит ҳамда “Gaming” йўналишидаги тажриба билан танишилди.
Учрашувда қайд этилганидек, “Gaming” (ўйинлар) экотизими бу шунчаки видеоўйинлар ўйнашдан иборат эмас, балки дастурий таъминот, техник қурилмалар, контент яратувчилар, мусобақалар ва миллиардлаб фойдаланувчиларни бирлаштирган жуда катта, ўзаро боғлиқ рақамли ва иқтисодий тармоқ.

Шунингдек, Ўзбекистонда “Gaming” экотизимини ривожлантириш, ёшларни дастурлаш, дизайн, маркетинг ва бизнес йўналишларида тайёрлаш, стартап жамоаларни шакллантириш ва уларни инкубация қилиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Келгусида ҳамкорлик доирасида ёшларни таълим ва менторлик дастурларига жалб қилиш, истиқболли “Gaming” лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда ёшлар учун замонавий “Gaming” экотизимини шакллантириш ва уларнинг халқаро имкониятларини кенгайтириш янги даражага чиқмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА