IT таълим марказларига берилган имтиёз самаралари
Айни вақтда республикамизда 600 дан ортиқ IT таълим марказларида 65 минг нафардан ортиқ ёшлар таҳсил олмоқда. Бироқ шу вақтга қадар мазкур ўқув марказлари сифати сўроқ остида қолиб келган.
IT таълим марказлари фаолият натижадорлигини доим ҳам битирувчиларининг ишга кирганлик даражаси билан боғлай олмаган.
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида батафсил тўхталиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 1 февралдаги “Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “IT -хизматлар экспорти йўналиши бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, жорий йилдан бошлаб “ IT -истеъдод” дастури кучга кирди.
“IT истеъдод” дастури IT-хизматларни экспорт қилувчи компанияларга юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берувчи нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳа саналади.
Қарорга кўра, нодавлат таълим ташкилотлари битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача яъни 25 миллион сўмгача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси ишга жойлашганда эса 105 бараваригача яъни 35 миллион сўмгача бир марталик субсидия ажратилади.
IT-Парк резиденти бўлган нодавлат таълим ташкилотларига субсидия бериш учун махсус ахборот тизими (crm.digital.uz) яратилган бўлиб, жорий йилнинг март ойида ишга туширилди. Бугунги кунга келиб, ушбу махсус ахборот тизимидан 485 дан зиёд таълим резидентлари рўйхатдан ўтган ҳамда ўзларининг 1 281 та ўқув курси бўйича маълумотларни киритган.
Ушбу курсларни 26 800 нафар ўқувчи муваффақиятли битирган ва ҳозирги кунда 5 600 нафардан зиёд ўқувчи таълим олиб келмоқда. Битирувчиларнинг 11 000 нафардан зиёди иш билан таъминланган бўлиб, улардан 467 нафари IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотларда ишламоқда.
Бу қарор ўқув марказлари ўртасида ўзига хос челленж вазифасини ўтайди. Боиси CRM тизими орқали эндиликда IT марказлари фаолияти холис баҳо берувчи кўрсаткич, яъни ишга кирганликни ўлчовчи тизим мавжуд.
Дастурнинг аҳолига берган қулайликларидан бири эндиликда ота-оналар таълим сифатига битирувчиларнинг ишга кирганлик даражаси билан кафолат бера оладиган ўқув марказларини танлай олади. IT ўқув марказлари рейтинги битирувчиларининг экспорт қилувчи ҳамда маҳаллий IT компанияларга ишга кирганлик натижасига кўра реал вақт режимида ўзгариб туради. CRM маълумотларига кўра, платформадан рўйхатдан ўтган 420дан ортиқ ўқув марказларининг 11 000 дан зиёд ўқувчилари расмий иш жойига эга бўлган.
Н.Раҳмонова, ЎзА