IT соҳасида замонавий мутахассислар захирасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Пойтахт ҳокимлигида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари А.Дусмуҳамедов ҳамда IT Park Uzbekistan бош директори А.Караматов иштирокида мактаб давридан бошлаб замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, келгусида IТ соҳасида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиши мумкин бўлган ёшлар захирасини шакллантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда пойтахтда рақамлаштириш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, робототехника, IT-таълим ва стартап экотизимини ривожлантириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд лойиҳалар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Хусусан, инновацион ғояларни амалий лойиҳа ва барқарор бизнесга айлантиришга хизмат қилувчи инкубация дастурларини, стартапларни жадал ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва бозорга олиб чиқишга қаратилган акселерация дастурларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри мактабларида ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва робототехника йўналишларидаги таълимни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Бунда илғор халқаро таълим дастурларини маҳаллий ўқув жараёнига интеграция қилиш, амалий тажрибага эга мутахассисларни жалб этиш ҳамда ўқувчиларни реал технологик лойиҳалар устида ишлашга йўналтириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва IT Park Uzbekistan ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича доимий ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА