Истиқлолнинг 34 йиллигига 34 туҳфа
Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрами нишонланаётган айни шукуҳли дамларда Наманган вилоятида тўйга ўзига хос тўёна сифатида қурилган бир қатор инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди.
Жумладан, Чуст туманидаги Оғасарой маҳалласи ҳудудида жойлашган 28-сонли умумтаълим мактаби янги ўқув биносига эга бўлди. Айтиш жоизки, ушбу таълим масканида синф хоналари етишмаслиги сабабли ўқув жараёнлари икки сменада олиб бориларди. Бу эса, табиийки ўқувчилар, уларнинг устозлари ва ота-оналари учун ҳам кўплаб ноқулайликлар туғдирарди.
Инвестиция, қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланди. Мактабнинг мавжуд бино иншоотида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ўқув даргоҳи замонавий ва кўркам қиёфага келтирилди. Янги бинонинг очилишига бағишланган тантанада Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, нуронийлар ва туман фаоллари жам бўлди.
[gallery-25113]
Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш жараёнларида нодавлат секторни кенг қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор туфайли Наманган туманидаги Катта Тошбулоқ маҳалласида янги барпо этилган “Абдураҳмон ота” хусусий клиникаси ўз иш фаолиятини бошлади.
Шифохонанинг тантанали очилишида қайд этилганидек, қарийб 7 миллиард сўм эвазига қад ростлаган ушбу тиббиёт марказида замонавий тиббиёт жиҳозлари ўрнатилди. Клиника таркибида 50 ўринли даволаш бўлими, лаборатория, дорихона, физиотерапия, фитобар ва фитнес зали мавжуд. Замонавий клиникада малакали шифокорлар томонидан урология, гинекология, терапия, жарроҳлик амалиёти йўналишларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилади.
Шифо маскани бир вақтнинг ўзида 50 нафардан зиёд беморни қабул қилиш ва уларга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 25 та янги иш ўрни яратилди.
Поп туманида 52-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти болажонларга ўз эшикларини очди. Уйғур маҳалласининг 140 ўринли мазкур боғчаси 2 миллиард 487 миллион сўм ҳисобига тубдан янгиланди. Бу ерда замонавий ошхона биноси қурилиб, мавжуд бинолар тўлиқ таъмирланди.
Маълумот ўрнида, 2025 йил давомида Поп туманида 79 объектда 194 миллиард 403 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шундан, тўққизтаси мактаб, тўрттаси боғча, иккита спорт иншооти, битта касб-ҳунар таълими муассасаси бўлиб, бунёдкорлик ишлари учун маҳаллий бюджетдан 52 миллиард 420 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Чортоқ туманида мустақиллик байрами муносабати билан бир вақтнинг ўзида иккита мактабгача таълим ташкилоти биноси замонавий қиёфада болажонларга туҳфа этилди. Бундан 33 йил аввал қурилган, 140 ўринга мўлжалланган 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида Президентимизнинг тегишли қарори ҳамда Жаҳон банки кўмагида 2 миллиард 966 миллион 180 минг сўм сарфланган ҳолда, мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, Инвестиция дастури доирасида Ласкидон маҳалласида жойлашган 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам 5 миллиард 341 миллион сўмлик лойиҳа асосида янгитдан қуриб битказилди. Икки муассасанинг очилиши туман фаоллари, айниқса, ҳар икки маҳалладаги ота-оналар учун чинакам хурсандчиликка уланди.
Юртимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мустаҳкамлаш, аҳолига қулай ва самарали шарт-шароит яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, Учқўрғон туманидаги Бирлик ва Учкўприк маҳаллаларида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган янги маҳалла бинолари тантанали равишда ишга туширилди.
Мустақиллик кунига ўзига хос байрам совғаси бўлган янги биноларда “маҳалла еттилиги” – раисдан тортиб ёшлар етакчисигача кенг имкониятларни яратади. Бино замонавий иш хоналари, аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган шарт-шароитлар, мулоқот ва маданий тадбирлар ўтказиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Мазкур масканлар маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашувлар, маърифий ва тарбиявий тадбирлар ўтказиш, ёшлар билан самарали ишлаш, шунингдек, жамоатчилик иштирокини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.