Истиқлолга тенгдош университет
Бугун юртимизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳани халқаро миқёсга олиб чиқиш, малакали кадрлар тайёрлаш, таълим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мактабгача таълимдан тортиб мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятигача бўлган соҳа ривожига давлат раҳбари бошчилигида алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу соҳага бот-бот тўхталиб келинмоқда. Биргина олий таълим соҳасида узоқ йиллар давомида йиғилган муаммолар босқичма-босқич ҳал этиляпти, соҳада шаффофликка эришилмоқда, тартиб-қоидалар соддалаштирилаётир.
Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Бу каби амалий ишлар “Учинчи ренессанс” пойдеворини қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар Тошкент давлат юридик университети ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Олийгоҳимизда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, жорий йилда Буюк Британиянинг олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритувчи ва университетлар фаолиятини баҳолаб борувчи Times Higher Education ташкилотининг рейтингида университетимиз дунёнинг 94 давлатидан қатнашган минглаб университетлари орасида 401-ўринни эгаллади.
Яқинда юртимиз мустақиллигининг 30 йиллик шодиёнаси катта тантана қилинди. Бу йил университет жамоаси учун қўшалоқ байрам. Яъни, университетимиз ҳам мустақиллигимизга тенгдош – ўзининг 30 йиллик юбилейини нишонлайди.
Яқин тарихга назар ташласак, Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 15 августдаги қарорига мувофиқ Тошкент давлат юридик институти ташкил этилган ва у 2013 йилда Тошкент давлат юридик университетига айлантирилган. Жорий йилда олий таълим муассасаси ташкил топганига 30 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг «Тошкент давлат юридик университетининг 30 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги буйруғи асосида таълим масканимиз юбилейини кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, шу йилнинг 17 сентябрь куни университетнинг 30 йиллиги «Университетим — фахрим, ифтихорим!» шиори остида катта тантана қилинади.
Юбилей тадбирлари доирасида “Ўзбекистонда юридик таълим ва фаннинг ривожланиш истиқболлари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Мазкур конференция учун яратилган платформадаги контентларни ўзбек, рус ва инглиз тилларига таржима қилиш бўйича таржимонлар гуруҳи таркиби эълон қилинди.
Таъкидлаш жоизки, юбилей муносабати билан алоҳида ишчи гуруҳи тузилиб, университетнинг юридик таълим тарихи ва тараққиётидаги ўрни, унинг нафақат республикамиз, балки минтақамизда ҳам замонавий юридик олий таълим муассасаси сифатидаги беқиёс аҳамиятини халқимиз, жамоатчиликка кенгроқ тарғиб қилишга эътибор қаратилмоқда.
Университетнинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш, ҳуқуқшунослик касбини танлаган ёшларга миллий юридик таълимга бўлган муҳаббат ва қизиқишни, фахр ва ифтихор туйғусини янада оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, замонавий юридик таълимнинг истиқболларини ўзида қамраб олган университет мадҳияси яратилди. Шу билан бирга, юридик фан ва таълим ривожини, университет тарихи ва истиқболларини ўзида қамраб олган ҳужжатли фильм яратилмоқда.
Дарҳақиқат, 30 йиллик тарих ва тажрибага эга, мустақилликка тенгдош олийгоҳимизнинг шу пайтга қадар эришган натижалари, бугунги ютуқлари ва келгусидаги мақсад-вазифалари бисёр. Бу борада университет жамоаси барча йўналишларда изланишлар олиб бормоқда.
Маҳлиё МИРЗААҲМЕДОВА,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.
ЎзА