Истиқлолдан илҳомланган ижодкор ёди
Ҳар гал пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонига бориб, улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳайкалига тикилар эканман, кўз ўнгимда бу маҳобатли ижод намунасининг муаллифи бўлган Жалолиддин Миртожиев гавдаланаверади.
Ғалати, армону изтиробларга тўла фикр миямда чарх ураверадики, ҳайкалтарошимиз ҳазрат Навоийнинг нурли сиймосига қўшиб ўз хотираси, меҳри, салоҳияти, истеъдодини ҳам шу ёдгорликда қолдириб кетгандек гўё...
Ўзбекистон халқ рассоми Жалолиддин Миртожиевнинг мустақил Ўзбекистон ҳайкалтарошлик санъатига қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
Журналист сифатида бу инсон билан кўп марта ҳамсуҳбат бўлганман. Тўғриси, ҳалигача уларнинг орамизда йўқ эканига унчалик ҳам ишонгим келмайди. Журналистларга ниҳоятда "кўзи ўнг", машаққатли касбимизни ҳурмат қиладиган, камтарин, меҳнатсевар, оддий, самимий инсон сифатида хотирамда қолган Жалолиддин ака.
Атоқли ҳайкалтарош жонажон Ўзбекистонимизнинг турли шаҳарлари ҳамда бир қатор хорижий мамлакатларда қад ростлаган улуғ алломаларимиз, ёзувчи ва шоирларимиз сиймоси акс эттирилган ёдгорлик-монументларнинг муаллифи саналади. Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Зулфия, Ойбек, Беруний, Саид Аҳмад ҳамда Саида Зуннунова ҳайкали, Самарқанд шаҳридаги Рўдакий, Мирзо Улуғбек, Бухорода Фитрат, Андижонда Чўлпон ва Бобур, Ғазалкент шаҳрида Элбек, пойтахтимиздаги "Ватанга қасамёд", Жиззах, Андижон, Фарғонадаги "Мотамсаро она" ёдгорликлари Жалолиддин Миртожиев ижодига мансуб ишлардир.
Моҳир ижодкор томонидан ишланган Навоий ҳамда Улуғбек ҳайкали Москвада, Улуғбек ва Ибн Сино сиймоси Рига шаҳрида, ҳазрат Навоийга Баку ва Токиода, ал-Фарғонийга Қоҳира шаҳрида, Камолиддин Беҳзод ҳайкали Хитойнинг Чанчунь шаҳрида савлат тўкиб турибди. У яратган Навоий ҳайкалининг мўъжаз модели АҚШ Конгресси кутубхонасида ҳам бор.
Устоз ижодкорнинг шогирдлари бугун тасвирий ва амалий, ҳайкалтарошлик соҳасида фаол изланмоқда. Масалан, Ўзбекистон халқ рассоми Жасвантбек Анназаров давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасидаги "Мангу жасорат", "Адиблар хиёбони"даги бир қатор ижодкорлар сиймоси акс этган ёдгорликларнинг муаллифи.
Президентимизнинг 2021 йил 24 август куни эълон қилинган "Мамлакатимизда маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига кўра, Ўзбекистон халқ рассоми Жалолиддин Миртожиев "Фидокорона хизматлари учун" орденига муносиб кўрилди. Бу эса моҳир ижодкор хотирасига кўрсатилган эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири