Истиқболли ёшлар тақдирланди
Андижонда “Истиқболли кадрлар” лойиҳаси иштирокчилари тақдирланди.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган “Истиқболли кадрлар” лойиҳаси доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 30 ёшгача бўлган илғор ва фаол ўқитувчилар, ёшлар етакчилари 10 кун муддатга мактаб директори вазифасига тайинланиб, иш олиб борди.
– Лойиҳадан кўзланган мақсад таълим тизимида раҳбар кадрлар захирасини яратиш, ёшларнинг раҳбарлик салоҳиятини кашф этишдан иборат эди, – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Ўн кун муддат ичида мактабларда раҳбарлик қилган жуда кўп ёшларимиз ўзларининг раҳбарлик салоҳиятини намоён эта олди.
Андижон шаҳридаги "Эко-парк"да мазкур лойиҳа иштирокчиларини тантанали тақдирлаш маросимида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшларнинг юртимиз равнақи, порлоқ келажагини таъминлаш борасидаги иштироки, ўрни ва роли, ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш келгусида тизимда юқори натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Вилоят ҳокими лойиҳада фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритган истиқболли ёшларга сертификат ва эсдалик совғалар топширди.
– Лойиҳа доирасида ўн кун мактабимизни бошқариб, билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилдим, – дейди Марҳамат туманидаги 72- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ёш ўқитувчиси Саидахон Сулаймонова.
– Энг асосийси, жамоани бошқариш, масъулиятни ҳис этиш, тўғри қарор қабул қилиш борасида кўп нарсаларни ўргандим. Ўрганганларим келгуси фаолиятимда албатта, ёрдам беради.
Тадбир давомида ёшлар учун интерфаол ўйинлар, акциялар ўтказилди, концерт дастури намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА