Истиқболли лойиҳалар самараси
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Жиззах вилояти бўлими қишлоқ хотин-қизларини тадбиркорликка жалб этиш бўйича янги лойиҳани амалга оширмоқда.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Жиззах вилояти бўлими қишлоқ хотин-қизларини тадбиркорликка жалб этиш бўйича янги лойиҳани амалга оширмоқда.
“Соғлом авлод билан буюк келажак сари” деб номланган лойиҳа қишлоқ аёллари, касб-ҳунар коллежини битирган қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандликка жалб этиш ва уй меҳнати билан шуғулланишга ўргатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур лойиҳа доирасида Пахтакор, Зарбдор туманларида қишлоқ аёллари, касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди. Ўқув машғулотларида банк, солиқ, молия, суғурта ташкилотлари мутахассислари томонидан бизнес-режа тузиш, кредит олиш ва ундан фойдаланиш тартиблари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант маблағи эвазига амалга оширилаётган лойиҳа доирасида қишлоқ аёлларини касбга, тадбиркорликка ўргатиш бўйича ўқув-семинарлар ва бепул курслар ташкил этилмоқда, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раиси Нозима Тугалова. – Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни асосида давлат идоралари ва фуқаролар йиғинлари билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда. Бу ҳамкорлик хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда яхши самара бераётир.
Вилоятда фаолият юритаётган 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий билимини ошириш, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Бунда, айниқса, “Қалб нури”, “Истиқболли авлод”, “Имкон”, “Иқтисодиёт, малака ва маслаҳат” каби нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни катта бўлмоқда.
Ўтган йили вилоятда 5 минг 380 нафар хотин-қиз иш билан таъминланиб, тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга 34 миллиард 178 миллион сўм кредит маблағи йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш режалаштирилган.