Истиқболли лойиҳалар самараси
Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни янада ошириш, етиштирилаётган маҳсулотни қайта ишлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни янада ошириш, етиштирилаётган маҳсулотни қайта ишлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.Фарғона вилоятида ҳам кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида қишлоқ хўжалиги йўналишида олти юздан зиёд янги лойиҳа амалга оширилаётгани ҳам фикримиз тасдиғидир.
– Президентимиз раҳнамолигида фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бермоқда, – дейди Қўштепа туманидаги “Шукурдавлат” фермер хўжалиги раҳбари Шукурулло Сайдуллаев. – Хўжалигимиз ташкил этилган дастлабки йилларда асосан пахта ва ғалла етиштириларди. Яратилаётган қулайлик ва имтиёзлардан фойдаланиб, экин майдонларимизни янада кенгайтирдик, қўшимча тармоқларни йўлга қўйдик. Тижорат банкининг молиявий кўмагида сутни қайта ишлаш корхонаси очдик.
Хўжаликда 50 дан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. 97 гектар ерда ғалла, 48,5 гектар ерда пахта етиштирилаётган хўжалик учун жорий йил ҳам баракали бўлди. Гектаридан 60 центнердан ғалла, 40 центнердан пахта ҳосили олинди.
Айни пайтда хўжаликда 600 бош зотдор қорамол боқилмоқда. Замонавий сутни қайта ишлаш корхонасида ўн турдан ортиқ сут маҳсулотлари тайёрланаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида 500 тоннадан зиёд сут қайта ишланди ва тайёр маҳсулот ҳолида аҳолига етказиб берилди.
Фермер хўжалиги даромади ҳам йилдан-йилга ошмоқда. Хўжалик раҳбари бир қатор хорижий давлатларда бўлиб, у ерда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажрибаларни ўрганиб, фаолиятида татбиқ этаётир. Жумладан, фермер қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш, музқаймоқ ишлаб чиқариш тармоғини ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда.