Истиқболли лойиҳалар самараси
Жиззах вилоятида 2015 йилда саноат соҳасида 254 миллиард сўмлик 213 лойиҳа амалга оширилди. Корхоналар модернизация қилиниб, 50 дан зиёд турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Жиззах вилоятида 2015 йилда саноат соҳасида 254 миллиард сўмлик 213 лойиҳа амалга оширилди. Корхоналар модернизация қилиниб, 50 дан зиёд турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.“JUITA GULSHANA INVEST” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг ишга туширилиши мамлакатимиз енгил саноатида муҳим воқеа бўлди. “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда хитойлик ишбилармонлар ҳамкорлигида ташкил этилган корхона саноатлашган тикув дастгоҳлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
– “Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудида бўш турган бинони харид қилиб, тўла таъмирдан чиқардик, – дейди корхона ижрочи директори Нурали Абдурасулов. – Кейин замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган тикув машиналарини йиғиш ва эҳтиёт қисмлар тайёрлаш дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Натижада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси билан йилига 15 минг дона саноатбоп тикув машинаси ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилди. Ҳозир бу ерда бир неча турдаги тикув машиналари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг учдан бир қисми хорижга экспорт қилинаётир. Айни пайтда 50 доимий иш ўрнига эга корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, тикув машиналари қисмларини шу ернинг ўзида тайёрлаш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2017 йилга бориб тикув машиналари учун эҳтиёт қисмларнинг 50 фоизини шу ернинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ип ўраш дастгоҳлари, трикотаж маҳсулотлари тикишда кенг фойдаланиладиган ярим сунъий иплар, кийимлар учун безак, ўровчи материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам режалаштирилган. Лойиҳа амалга оширилгач, яна 50 дан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади.
Замонавий технологияга асосланган дастгоҳлар бир вақтнинг ўзида тикиш, газламанинг ортиқча қисми ва ипни кесиш каби юмушларни автоматик тарзда бажаради. Тикув машиналарининг яна бир афзаллиги – энергия тежамкорлигидир.
Президентимиз раҳнамолигида саноатни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Барча тикув фабрикалари, хусусий тадбиркорлар учун импорт ўрнини босувчи сунъий толали иплар, тикув фурнитуралари ва аксессуарлари ишлаб чиқарилаётган “Luxury Furniture Business” масъулияти чекланган жамияти ана шулардан бири.
Лойиҳа қиймати 650 минг доллар бўлган корхона ўтган йилнинг охирида ишга туширилган. Замонавий жиҳозланган корхона йилига 540 тонна сунъий толали ип, страз, металл ва пластикли тўлқинсимон илгакли тугмалар, 288 тонна тайёр маҳсулотни ўраш учун ишлатиладиган пакетлар, 144 минг метр квадрат ҳажмдаги ёпиштирма безаклар ишлаб чиқариш қувватига эга.
Корхонада ҳамкорлар буюртмасига кўра, пластик пакетлар ва 72 рангдаги сунъий толали ип ишлаб чиқарилаётир. Синтетик материалдан тайёрланган бу ип мустаҳкамлиги, чўзилувчанлик хусусиятидан холи экани, рангининг ўчмаслиги билан харидоргир. Тўлиқ компьютерлашган ускуналар маҳсулотнинг узунлиги ва оғирлигини аниқ назорат қилиш имконини беради. Бир ишчи 3-4 дастгоҳни бемалол назорат қилиб, бошқараверади.
– Касб-ҳунар коллежини битиргач, шу ерда иш бошладим, – дейди ип ўровчи Мадина Алиева. – Бу ерда самарали ишлаш учун барча шароит мавжуд. Махсус кийимда, тоза-озода жойда, замонавий технологияларда ишлашни болалигимдан орзу қилардим. Ота-онам ҳам хурсанд. Мамлакатимиз саноати тобора ривожланиб, шундай замонавий корхоналар барпо этилаётгани биз, ёшлар учун айни муддао бўлмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагидан корхонада безак тошларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.
Яқин ўтмишда кўзга кўринарли саноат корхонаси бўлмаган вилоятда айни пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини санаб чиқишдан кўра, ишлаб чиқарилмайдиганларни санаш осонроқ. Биргина “Жиззах” махсус индустриал зонасининг ўзида фаолият кўрсатаётган 9 корхонада электроника, кимё, маиший техника, автомобилсозлик, озиқ-овқат ва енгил саноат маҳсулотларининг 30 дан зиёд тури ишлаб чиқарилаётир. Вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш учун жорий йилда 935 миллиард сўмлик 1 минг 978, жумладан, саноат соҳасида 335 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида саноатнинг улушини янада оширишга хизмат қилади.