Истиқбол режалари белгилаб олинди
Қашқадарё вилоятида 2015 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 5,4 фоизга ўсиб, саноат маҳсулоти ҳажми 5,8, қишлоқ хўжалиги 6,6, қурилиш-пудрат ишлари 9,4 фоизга ошди.
Қашқадарё вилоятида 2015 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 5,4 фоизга ўсиб, саноат маҳсулоти ҳажми 5,8, қишлоқ хўжалиги 6,6, қурилиш-пудрат ишлари 9,4 фоизга ошди.Мулкчилик таркибини тубдан ўзгартириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, корпоратив бошқарувнинг принцип ва ёндашувларини ўзгартириш бўйича тизимли чора-тадбирлар, кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусий мулкдорлар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатадиган марказлар фаолияти йўлга қўйилди. 2015 йилда 1 минг 620 кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Натижада кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,6 фоизга етди.
Қашқадарёда 2015 йил якунлари ва 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилишида булар алоҳида таъкидланди.
Вилоят ҳокими З.Рўзиев бошқарган йиғилишда асосий эътибор Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий¬-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилди.
Таркибий ўзгартиришлар, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, замонавий инфраструктурани янада ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилди. Бунинг самарасида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 5,2 триллион сўмдан зиёд инвестиция ўзлаштирилди.
Ўтган йили 159,3 миллиард сўмлик бюджет маблағлари ҳисобидан жами 194 объект бунёд этилди. Жумладан, 54 умумтаълим мактаби, 12 касб-ҳунар коллежи, 8 соғлиқни сақлаш, 26 болалар спорти ва 43 ичимлик суви билан таъминлаш иншооти ҳамда бошқа объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ҳисобот даврида вилоятнинг 27 массивида 1 минг 320 намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар барпо этилди. Ушбу массивларда 68,2 километр сув, 36,5 километр электр, 23,8 километр газ тармоқлари ва 31,4 километр ички йўллар қурилди.
Бандлик дастури доирасида 89,5 минг янги иш ўрни яратилди. Доимий иш билан таъминланганларнинг 46,5 минг нафари коллеж битирувчисидир.
Таҳлил ва танқид руҳида ўтган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида мавжуд имконият ва салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётгани таъкидланди.
Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг экспортдаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
2016 йилда саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларини сўзсиз бажариш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш каби масалалар доимий эътиборда бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.