Истеъмолчиларни чалғитиш жаримага сабаб бўлади
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “INVEST FINANS BANK” АЖнинг кредит хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот берилгани аниқланган.
Жумладан, “INVEST FINANS BANK” АЖ томонидан Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида «50 000 000 танишларсиз, 50 кун фоизларсиз, 5 йилга, таътил учун, таъмирлаш учун, техника учун» мазмунидаги реклама ахбороти берилгани кузатилди.
Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда фақатгина “INFIN BLACK” кредит картаси учун 50 миллион сўмгача, 60 ойга, йиллик 23,99 фоиздан кредит ажратилиши, картадан нақд пул ечиш 2 фоиз, картадан картага пул ўтказиш 1 фоиз, алоҳида белгиланадиган фоиз ставкаси йиллик 25,55 фоиздан 54,75 фоизгача кўрсатилган.
Кредит бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “INVEST FINANS BANK” АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА