Истеъмолчилар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида
Кундалик турмушда ҳар биримиз истеъмолчимиз. Ҳар куни нимадир харид қиламиз, коммунал хизматлардан фойдаланамиз ва улар учун тегишли тартибда ҳақ тўлаймиз.
Фараз қилинг, сиз савдо дўконидан оилангиз эҳтиёжи учун бирор буюм харид қилдингиз. Уйга келиб фойдаланиш жараёнида унинг нуқсонли эканлигини билиб қолдингиз. Қандай йўл тутасиз? Савдо дўконига олиб бориб топшираман дейсизми? Сотувчи маҳсулотни қайтариб олмаса ёки тўланган маблағни қайтармаса-чи?
Навоий вилояти Навбаҳор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Зарина Сайфуллаева “Uzum market” савдо платформаси орқали 450 минг сўмга болалар планшетини харид қилади. Товарни қабул қилгандан сўнг унда носозлик борлиги аниқланиб, ушбу планшетни савдо тармоғининг топшириш-қабул қилиш пунктига етказади ва тўланган маблағни қайтариш юзасидан ариза қолдиради.
Яна бир ҳолатда эса Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Артур Ражабов asaxiy.uz электрон дўконидан 4 миллион 634 минг сўмга LG LHD657 уй кинотеатрини буюртма беради ва тўловни амалга оширади. Кейинчалик оилавий шароити сабабли буюртмани бекор қилиб, амалга оширилган тўловни қайтаришни сўрайди. Тўланган маблағнинг эса 4 миллион сўми қайтарилиб, қолган 634 минг сўми пайсалга солиниб келинган.
Маблағлар ўз вақтида қайтарилавермагач, фуқаролар Рақобат қўмитасининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, муаммони ҳал этилишида амалий ёрдам сўрайди.
Бугунги кунда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан истеъмолчиларнинг манфаатлари ҳимоя қилиб келинмоқда.
– Жорий йилнинг 1-чораги давомида ҳудудий бошқармага истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш йўналишида 572 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 502 таси ёки 87,7 фоизи ижобий ҳал этилган, – дейди ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маъруфжон Неъматов. – Мурожаатлар таҳлил этилганда, уларнинг 414 таси уй-жой, коммунал ва транспорт соҳага, 23 таси алоқа ва ижтимоий хизматлар соҳасига, 118 таси савдо ва умумий овқатланиш соҳасига ҳамда 17 таси реклама ва бошқа соҳаларга тегишли эканлиги ойдинлашади.
Фуқаролар мурожаатлари Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилди. Якунда фуқаро А.Ражабовнинг бекор қилинган буюртмаси учун ушлаб қолинган 634 минг сўм маблағ “ASAXIY BOOKS” МЧЖ томонидан ҳамда фуқаро З.Сайфуллаеванинг планшет учун тўлаган 450 минг сўм маблағи “Uzum market” МЧЖ томонидан нақд кўринишда тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири.