Истеъдодли ёшлар танлови
Андижон вилояти мусиқали драма театрида “Турон” мактаб театри республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг очилиш маросимида сўз олганлар мазкур танлов ўқувчи ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий қараш ва тушунчаларини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда театр санъатига бўлган қизиқишларини оширишга, энг асосийси, уларнинг ижодий салоҳиятларини юзага чиқаришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан тузилган театр жамоалари ўртасида ўтказилаётган мазкур танловнинг вилоят босқичида туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 жамоа иштирок этиб, белгиланган икки шарт асосида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Вилоятда мазкур танловнинг қуйи босқичларида 11 минг 503 та ўқувчилар театр жамоалари таркибида 92 минг нафардан зиёд ўқувчи иштирок этиб, ўзларининг ижод намуналарини, иқтидор, истеъдод ва маҳоратларини катта саҳналарда намойиш этди.
Ўқувчиларнинг танловда фаол қатнашиши, қолаверса, вилоят босқичи иштирокчиларининг ўзига хос чиқишлари ўқувчилар орасида театр санъатига қизиқадиган, маҳоратли ёш иқтидор соҳиблари жуда кўп эканлигини кўрсатди.
[gallery-28513]
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Бўстон туманининг “Андижон” театр жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Иккинчи ва учинчи ўринлар Андижон туманининг “Ойдинбулоқ” ҳамда Балиқчи туманининг “Аждодларим мероси” театр жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирок этган театр жамоалари вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.