Истеъдодли ёшлар – келажагимиз лидерлари
Кеча давлатимиз раҳбари ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши, улар орасидан истеъдодли ёшларни аниқлаб, янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари” шакллантирилишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, маҳаллий Кенгашларда ҳам, Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилиши белгиланди.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, мамлакат тараққиёти, юрт эртаси бугун ўсиб келаётган ёшларга, уларнинг замонавий илмларни пухта ўрганишига, етук мутахассис бўлиб етишишига боғлиқ. Шу боис юртимизда таълим-тарбия масалаларига, ёшларга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим замон талаби даражасида такомиллаштирилаётгани, ёшларнинг олий таълим олиши учун имкониятлар кенгайтирилаётгани бунинг амалий ифодасидир. Бу йил, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да эса ушбу йўналишдаги ишлар яна ҳам кенг кўламда давом этмоқда. Бинобарин, Учинчи Ренессансни шакллантириш айнан бугун ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг билими, дунёқараши, кенг тафаккурига боғлиқ.
Самарқанд вилоятида ҳам истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларнинг жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши учун имконият яратиш масалалари доимий эътиборда.
– 2019/2020 ўқув йили якуни билан вилоятдаги олий ўқув юртларининг битирувчи талабалари орасидан раҳбарлик ва лидерлик қобилиятига эга 331 нафар иқтидорли ёшлар сараланиб, Самарқанд вилояти ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасига олинган эди, – дейди вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев. – Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган тизимли ишлар натижасида бу ёшларнинг 34 нафари вилоят даражасидаги идора ва ташкилотларга, 142 нафари шаҳар (туман) миқёсидаги корхона ва муассасаларга ишга жойлаштирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда вилоятимиздаги давлат идораларида ишлаётган ёш кадрлардан 50 нафар иқтидорлилари саралаб олиниб, “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди. Бу йил ҳам ушбу борадаги ишларни давом эттириб, олий таълим муассасалари битирувчиларининг 517 нафар интеллектуал жиҳатдан салоҳиятлилари саралаб олинди. Бу ёш мутахассисларнинг малака ва кўникмасини ошириш, турли ижтимоий-сиёсий тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш кўзда тутилган. Уларнинг халқ хўжалигининг турли соҳаларида ўз ўрнини топишига ёрдам берамиз.
Дарвоқе, яқинда вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасига олинган, Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фаол ва ташаббускор, билимли ва лидерлик салоҳиятига эга бўлган иқтидорли талаба қизлар билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда ёшлар ташаббуси билан самарқандлик 50 нафар илмли ва ташаббускор талаба қизлардан иборат “Самарқанд илмли қизлари” клуби ташкил этилди.
Истеъдодли ёшларни давлат бошқаруви органларига ишга жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 19 май куни Самарқанд вилояти ҳокимининг “Вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бошқарув аппаратига кадрларни очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг тегишли лавозимларига https://vacancy.argos.uz/ (Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали) орқали, фақат очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилиш йўлга қўйилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА