Истанбул кўргазмаси: Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозорлар
Истанбулдаги Фуар марказида “F Istanbul-2026” халқаро озиқ-овқат кўргазмаси бўлиб ўтди. Озиқ-овқат ва ичимликлардан ташқари қандолат, шоколад, қуруқ ва данакли мевани қадоқлаш ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқариш технологияларини қамраб олган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ишлаб чиқарувчиларни импортчилар, дистрибьюторлар ва йирик харидорлар билан боғлаш.
Ўзбекистон компаниялари вакиллари учун бу майдон маҳсулотни нафақат намойиш этиш, балки тўғридан-тўғри хорижий харидорга таклиф қилиш, шунингдек талабни ўрганиш, экспорт шартини муҳокама қилиш имконини ҳам берди.
Хусусан, қуруқ мева мамлакатимизнинг аграр салоҳиятини, “Chortoq” маъданли суви табиий ресурс ва миллий бренд имкониятини, “Fursat Food” янги тайёр маҳсулот яратиш тажрибасини намойиш этди. “Fine Gold” музқаймоғи эса ташриф буюрганларда энг кўп қизиқиш уйғотган маҳсулотлардан бири бўлди.

“Fine Gold” айвонида маҳсулотни татиб кўриш ва тақдим қилинган турлар билан танишиш мумкин эди. Корхона раҳбари Сирожиддин Рамзиддинов бизга ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот ранг-баранглиги ва кўргазма натижаси хусусида сўзлаб берди:
– “Люкс Крем” корхонасида ишлаб чиқариш йил бошида йўлга қўйилди. Ҳозир кунига ҳар бири 20-24 донадан иборат 500 тўп музқаймоқ чиқаряпмиз.
Айниқса “Gold” ва “Silver”, эскимо маҳсулотлари, сироп ҳамда шоколадли турлар харидоргир. Биргина эскимо йўналиши саккиз хилга бўлинган. Гарчи,ушбу анжуманда илк бор иштирок этаётганимизга қарамай, Туркия ва араб давлатларидан келган кўплаб тадбиркорлар маҳсулотларимизга жиддий қизиқиш билдиришди. Аллақачон 15 жамоа билан шартнома имзоладик.

Ўзбекистоннинг “Ayyub Natural Dry Fruits Export LLC” қуруқ мева ишлаб чиқарувчи компанияси йил давомида маҳсулотини 51 мамлакатга экспорт қилган. Корхона ходими тайёр товарлар асосан маҳаллий, яъни Самарқандда етиштирилган хом ашёдан тайёрланишига урғу берди. Маҳсулот қуритилади, қайта ишланади ва қадоқланади. Бу йўналишда экспортнинг асосий афзаллиги юртимизда етиштирилган маҳсулотни тайёр ва стандарт товар сифатида ташқи бозорга чиқаришдир.
“Fursat food”: Ўзбек мевасидан янги маҳсулот

Тошкентдаги “Fursat Food” компанияси анъанавий хом ашёни ўзгача шаклда таклиф қилади. Корхона раҳбари Сардор Отақулов айтишича, жамоа мевали чой ва қуритилган мевадан табиий ширинлик тайёрлайди. Хом ашё асосан маҳаллий: ўрик, майиз, ёнғоқ ва ўзбек лимони. Қадоқ юзасида “Crafted in Uzbekistan with Love” – “Ўзбекистонда меҳр билан ишлаб чиқарилган” ёзуви туширилган. Турклардан ташқари Кореядан келган тадбиркорлар ҳам ушбу маҳсулотга алоҳида қизиқиш билдирди.
Чортоқ маъданли суви: табиий манбадан халқаро брендгача

Ўзбекистон айвонидаги эътиборли маҳсулотлардан яна бири – ўша машҳур брендимиз “Chortoq Mineral Water. Компания тижорат директори Т.Тоҳиров бир неча давлат ишбилармонлари билан музокара олиб борилаётганини маълум қилди.
– Мақсадимиз – миллий маҳсулотимизни янги бозорларга олиб чиқиш, – дейди у. – Англия, Ҳиндистон, Иордания ва Қозоғистонда ҳамкорларимиз бор. Маҳсулотимиз минералга бой, шифобахш. Экспорт учун турли шаклда қадоқлаш услубимиз логистика талаби ва жаҳон стандартига тўлиқ жавоб беради.
“F Istanbul” кўргазмасида маҳсулоти билан қатнашаётган корхоналар учун энг муҳим натижа стендга ташриф сони эмас, балки кейинги босқичда тузиладиган экспорт шартномаларидир. Бир корхонамиз қуруқ мева экспорт қилмоқда. Бошқаси мевадан янги ширинлик яратмоқда. Учинчиси минерал сувни бренд сифатида таклиф қилмоқда. “Fine Gold” эса музқаймоқ билан ташқи бозорга чиқиш имкониятини синаб кўрмоқда.
Истанбулдаги тўрт кунлик учрашувлардан кейин айнан шу – мулоқотларнинг қанчаси амалий буюртма ва маҳсулот жўнатмасига айланиши ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун ҳақиқий натижани белгилайди.
Маҳсулотларимиз кўрсатилди. Навбатдаги вазифа халқаро бозорга муваффақиятли чиқиш.
Нодира Қаюмова,
Туркия, Истанбул