Иссиқхоначиликни ривожлантиришда хориж тажрибаси ўрганилмоқда
Шу кунларда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Испания давлатида бўлиб турибди.
Ташрифнинг асосий мақсади иссиқхона технологиялари ва тажрибасини ўрганиш ҳамда иссиқхона ускуналари, қишлоқ хўжалиги тармоқларида ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатишдир. Испания бугунги кунда Европа ва дунё бозорларида агросаноат, озиқ-овқат саноати, қайта тикланувчи энергия, логистика ҳамда юқори технологияли қишлоқ хўжалиги соҳаларида етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат ташқи иқтисодий алоқаларда инновация, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ва замонавий технологиялар трансферига алоҳида устувор аҳамият қаратмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Испания ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва аграр соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Делегация вакиллари Алмерия вилоятида мезбон тараф вакиллари билан қизғин учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Мазкур ҳудуднинг иссиқхона саноати дунёда энг гигант саналади. Ушбу вилоятдаги иссиқхоналар 31 минг гектаргача майдонни эгаллайди ва Европанинг катта қисмини сабзавотлар билан таъминлайди. Айниқса, “Алмерия модели” номи билан танилган иссиқхона технологияси қурғоқчил иқлим шароитида ҳам интенсив деҳқончилик, гидропоника ва томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланади.

Делегация кун тартибига мувофиқ, “Future Farms Solutions S.L.” компанияси фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда мутасаддилар билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур компания томонидан юқори технологияли иссиқхона лойиҳаларини ишлаб чиқиш, иқлим бошқаруви ва автоматизация тизимлари, сунъий интеллект асосида агромониторинг, энергия самарадор ва сув тежовчи ечимлар халқ хўжалигига кенг татбиқ этилган. Компания масъуллари билан мулоқот давомида Тошкент вилоятида замонавий иссиқхона кластерларини ташкил этиш, ақлли яшил технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи ечимлардан самарали фойдаланиш, аграр соҳани рақамлаштириш ҳамда агроинженерлик бўйича технологиялар трансфери каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар мазкур ҳамкорлик қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенгайтириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар етиштириш ва соҳада замонавий технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Аслида қишлоқ хўжалиги муваффақиятларининг замини уруғчиликдан бошланади. Шу туфайли Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг навбатдаги манзили йирик уруғчилик маркази бўлди.

Алмерияда жойлашган “Grupo Cristalplant S.L.” компанияси уруғчилик ва кўчат етиштириш соҳасидаги етакчи марказлардан бири ҳисобланади. Компания асосан фермерлар томонидан тақдим этилган уруғлар асосида юқори сифатли кўчатлар етиштириш, турли навларни пайванд қилиш ҳамда кўчатларни белгиланган босқичгача профессионал парваришлаш билан шуғулланади.
Делегацияни компания раҳбари Хосеп Бланко кутиб олди ва корхона бўйлаб экскурсия ўтказилди. Корхона йиллик 300 миллион донагача кўчат етказиб бериш қувватига эга бўлиб, таркибида уруғларни ундириш, кўчатларни пайванд қилиш ва регенерация қилиш бўйича замонавий лаборатория маркази фаолият юритмоқда.

30 гектар ҳудудда жойлашган мазкур мажмуада инновацион агротехнологиялар, автоматлаштирилган парвариш тизимлари ва юқори самарадор ишлаб чиқариш ечимлари кенг қўлланилмоқда.
Учрашув давомида уруғчилик, кўчатчилик, инновацион агротехнологиялар ҳамда Тошкент вилоятида замонавий кўчатчилик марказларини ташкил этиш йўналишларида ўзаро ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, ташриф доирасида компанияда қўлланилаётган илғор уруғчилик ва кўчат етиштириш тажрибалари ўрганилиб, соҳадаги илғор ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар мазкур ҳамкорлик қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдор ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, замонавий агротехнологияларни жорий қилиш ҳамда соҳадаги малака ва тажриба алмашинувини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
А.Мусаев, ЎзА