Исроил Украинага қурол сотмаганини айтди
Исроил фақат тиббий ва гуманитар ёрдам билан чекланиб, Украинани қурол билан таъминламади. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Бени Ганц баёнот берди.
“Аниқлик киритмоқчиманки, биз Украинага қурол сотганимиз йўқ. Биз уларга тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатдик, холос”, деди "Kol Chay" радиосига берган интервьюда вазир.
Ганц Украина Исроилдан ҳеч қандай қурол олмаганини бир неча бор таъкидлади ва илгари бундай аслаҳани етказиб беришни бошлаш тарафдори бўлган Исроил Диаспора ишлари бўйича вазири Нахман Шай сўзларига изоҳ берди.
“Шайнинг даъвоси мутлақо нотўғри. Мен Мудофаа вазириман ва Исроилга қурол экспорт қилиш учун масъулман”, деб таъкидлади Ганц.
Бир неча кун аввал Россия хавфсизлик кенгаши раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Медведев Исроилнинг Украинага қурол етказиб берадиган бўлса, икки томонлама муносабатларга путур етказишини айтган эди.
ЎзА
(А.Ғуломов)