“Ислом цивилизацияси маркази тарих ва бугун туташган маскан бўлди” – Баҳром Абдуҳалимов
Президент ташрифидан сўнг...
Бугун юртимизда тарихий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга етказиш масаласи устувор йўналишлардан бирига айланган. Шу мақсадда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат илмий-маърифий маскан, балки халқимизнинг бой ўтмишини акс эттирувчи муҳим маданий марказ сифатида эътиборни тортмоқда.
Тошкент шаҳрининг қадимий Хасти Имом мажмуаси ёнида қад ростлаган ушбу маҳобатли мажмуа тўққиз йил давомида бунёд этилди.
Жорий йилнинг 17 март куни Президент Шавкат Мирзиёев марказга ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар ва бой экспозициялар билан яқиндан танишди.
– Ислом цивилизацияси марказида нафақат тарихий манбалар жамланган, балки уларни чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш учун барча имкониятлар яратилган. Мажмуа ўз ичига замонавий музей, бой фондга эга кутубхона, ноёб қўлёзмалар сақланадиган бўлим ҳамда илмий-тадқиқот марказларини олади, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов. – Музей 9 та асосий бўлимдан иборат бўлиб, унда Исломгача бўлган давр, Ислом динининг тарқалиши, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, илм-фан ва меъморчилик ютуқлари, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” тараққиёти каби муҳим босқичлар ёритилган. Ҳар бир бўлим ташриф буюрувчиларга тарихни жонли ҳис этиш имконини беради.
Мазкур марказ юртимизнинг илмий салоҳиятини намоён этиш билан бирга, ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Давоми қуйидаги видеода:
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1k7PUtpeoEQ" title="“Islom sivilizasiyasi markazi tarix va bugun tutashgan maskan bo`ldi” – Bahrom Abduhalimov" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Искандар ИСМАТОВ (видео),
ЎзА