Ислоҳотларни қўллаб-қувватлайлик
Мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсонларни ҳар томонлама давлатдан, ҳукуматдан рози қилиб яшаш бўйича ижобий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ўзгаришларни нафақат мамлакат аҳолиси, балки хорижий давлатларнинг мутахассислари, таҳлилий марказлари ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда. Албатта, бу изчил ўзгаришлар мамлакат сиёсий тизими ривожланишида янги давр бошланганлигидан далолат беради.
2020 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжумандаги маърузасини “Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” дея номлагани бежизмас. Анжуманда ўзбек ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслиги, ёшлар фаолияти, уларнинг ўрни жамиятимиз учун ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланди.
2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилиши ҳам бежиз бўлмади. Бугун ижтимоий тармоқларда ОАВ томонидан турли хил муаммолар ёритилмоқда ва бу ижобий ҳолат. Бу мамлакатимизда жамоатчилик назорати кучайиб бораётганлигидан далолат беради. Масаланинг биринчи нозик томони шундаки, кейинги пайтларда, айниқса, ижтимоий тармоқларда ҳаётдан нолиш руҳидаги исботланмаган, асосланмаган ахборотларнинг тарқатилиши, мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг илмий асосларини тушунмасдан “халқни ҳокимиятга қарши қўйиш”, сиёсий легитимлик ва легалликка нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакллантиришга уриниш ҳолатлари учраб турибди. Зеро, легаллик бу ҳокимиятнинг амалдаги мавжуд бўлган меъёрларга мослигини ифодаласа, легитимлик унинг халқ томонидан эътироф қилинишини англатади.
Иккинчидан, ижтимоий тармоқларнинг асосий фойдаланувчилари ва уларга муносабат билдирувчилар талаба-ёшлар ҳисобланади. Бу талаба-ёшлар ёритилаётган муаммоларга нисбатан ўзларининг ижобий ёки салбий фикрлари билан муайян аудиторияни ўзига жалб этмоқда. Чунки, инсон психологияси шундайки, яхши, ижобий ахборотлардан кўра, ёмон ёки жамиятда ўз ўрнига эга бўлган ёки муайян раҳбарлик лавозимларида ишлайдиган инсонлар шаънини, қадрини камситишга қаратилган ахборотларни тез қабул қилади.
Бундан ташқари, анча вақтдан буён давом этаётган пандемия шароитида ёшлар кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда ва қайсидир жиҳатдан ОАВ, блогерлар томонидан ёритилаётган муаммоларни ёки турли хил диний-экстремистик оқимларнинг “виртуал таҳдидлари” мазмунини тушунмасдан қўллаб-қувватлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Натижада ёшларимизда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан хайрихоҳлик ҳиссини кучайтириш қийин кечмоқда... Энг ачинарлиси, ҳатто педагог-устозлар орасида ҳам давлат сиёсатига нисбатан пессимистик ёки негатив фикрлайдиганлар йўқ эмас. Ахир, педагогнинг, устоз-мураббийнинг асосий вазифаси – ўқувчи ва талабага таълим бериш, тўғри йўлга бошлаш, ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларга илмий-мантиқий ёндашиш, ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш эмас-ми?!
Тан олиш керакки, ҳамма педагогларнинг ҳам бугунги замонавий ёш авлодни тўғри йўлга йўналтириши учун маҳорати етарли деб бўлмайди. Чунки, ёшлар мактаб ва олий таълимдан ташқари, Интернет, ижтимоий тармоқлар билан узвий боғланган. Шундай шароитда педагог-устозлар ҳам мамлакат ички ва ташқи сиёсатида бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиши билан бирга, уларни миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда тизимли таҳлил этиш маданияти кучли бўлиши лозим. Чунки, глобаллашув даври, рақамли технологиялар тизимли таҳлил этиш маданиятини юксалтиришни талаб этмоқда.
Бизнинг вазифамиз таълим ва тарбия орқали мамлакатни дунёга танитишдир.
Ҳозир олий таълим муассасалари учинчи ва тўртинчи авлод даргоҳлари сари қадам ташлади. Бундай шароитда ҳар бир дарсда берилаётган фикрлар қанақадир “Start-up” ёки “маҳсулотга” айланиши керак, натижада яратилган илмий маҳсулот тижоратлаштиришга йўналтирилмоқда. Бошқача айтганда, анъанавий услубдаги олийгоҳлардан ғоялар яратадиган университетларга айланиш муддаомиздир. Бундай шароитда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари давлат олиб бораётган инновацион сиёсатни қўллаб-қувватлаш ўрнига, танқидий фикрлар билан ёшларни ҳам ўз ортимиздан эргаштиришни давом этаверсак, келажакда жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилиши ҳамда сиёсий тизим мустаҳкамлигига путур етказиб қўйишимиз мумкин.
Мухтасар айтганда, биз ёшларни зарарли иллатлардан ҳимоя қилиб, улар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга хайрихоҳлик кайфиятини шакллантиришга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг жозибали миллий брендини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз лозим.
Усмонжон Бўтаев,
“Истиқбол” тадқиқот маркази ННТ раҳбари, сиёсатшунос.
ЎзА