Ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этамиз
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригини тинглаб, таълим, илм-фан соҳаси вакили сифатида якунланган йил мамлакатимизда барча жабҳалар қатори олий таълим тизимида ҳам улкан ўзгаришлар, янгиланиш ва юксалиш йили бўлганлигини яна бир бор ҳис этдим. Ривожланиш йўлидан дадил одимлаб борётган юртимиз тобора юксалиб, дунё ҳамжамияти орасида нуфузи ортиб, муносиб ўрин топаётганлигидан беихтиёр қалбимиз ғурурга тўлади.
Ҳақиқатдан ҳам юртимизда илм-фан, таълим ва тарбия соҳасида туб бурилишлар даври бошланди. Юртбошимиз табригида таъкидланганидек, республикамизда юқори технологик замонавий саноат корхоналари, логистика ва инфратузилма тармоқлари, боғча ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари барпо этилмоқда, янги-янги иш ўринлари очилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.
Бугунги кунда биргина Андижон вилоятининг ўзида олтита давлат олий ўқув юрти, бир нечта нодавлат олий таълим муассасаси фаолият олиб бораётганлиги ёш авлодни билимли, юксак салоҳиятли қилиб вояга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигига бир мисолдир.
Олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли талаба ва олимларнинг илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, ўқитишда инновацион усуллардан кенг фойдаланиш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш борасида амалга оширилган ишлар, олий таълим муассасалари ўқитувчилари иш ҳақининг оширилганлиги биз педагогларни беҳад қувонтиради.
Янги бошланган 2024 йил Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди. Ишонаманки, жорий йилда ҳам инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик ривожлантириш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга қаратилган ишлар кўлами янада кенгаяди.
Ана шу ишларни амалга оширишда юртимизнинг ҳар бир фуқароси, айниқса, биз зиёлилар астойдил меҳнат қилиб, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этамиз. Ёш авлодга муносиб таълим ва тарбия бериш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Акмалжон Эрматов,
Андижон машинасозлик институтиниг биринчи проректори.
ЎзА