Ислоҳотлар самараси Дўстлик туманида намоён бўлди
Жиззах вилояти Дўстлик туманида ўтган 2022 йилда Инвестиция дастурига асосан умумий қиймати 133 миллиард 400 миллион сўмлик 53 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 220 дан зиёд янги иш ўрни яратилган. Булар саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилган лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади. Туманда 2 та дастур доирасида жами 21 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шу ўринда, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида туман марказининг меъморий қиёфаси 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига замонавийлаштирилди.
Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан “Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси Дўстлик тумани таҳлилида” мавзусида ўтказилган медиа-турда шулар ҳақида сўз борди.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган ушбу тадбирда туманда ўтган 2022 йилда давлат дастурлари ижроси, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва унинг натижасида яратилган янги иш ўринлари, аҳоли бандлиги, фуқароларга яратилган шароитлар, саноат ва бошқа соҳалар таҳлили ҳамда 2023 йилга белгиланган бунёдкорлик, қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан яқиндан таништирилиб, ҳудудларга бориб ўрганилди.
Аҳолини уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида ҳам туманда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, биргина “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “барак” (ўтган асрдаги қурувчилар ёғочдан қурилган вақтинчалик ётоқхона)ларда истиқомат қилган фуқаролар учун замонавий лойиҳалардаги кўп қаватли уйлар қурилиши бошланиб, шундан 1 та 5 қаватли 20 хонадонга мўлжалланган уй фойдаланишга топширилган.
– Айни пайтда маҳалламизда 4 минг 237 нафар фуқаро истиқомат қилиб, 1 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат, 4 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти бор, – дейди “Чинобод” МФЙ раиси Рауф Юсупов. – Битказилиб фойдаланишга топширилган ушбу 5 қаватли уйимизга “барак” ларда яшаган 20 та оила кўчиб кирган. “Янги Ўзбекистон” номи билан аталадиган ушбу массивда ҳар бири 20 тадан, жами 700 хонадонга мўлжалланган яна 35 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирган. Шунингдек, ушбу уйлар атрофида боғ, болалар ўйин майдончалари, ижтимоий объектлар барпо этилади. Ҳудуддаги мавжуд умумтаълим мактаби ва давлат мактабгача таълим ташкилоти тубдан қайта таъмирланиб, қўшимча қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Турли маданий, маиший, савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш ҳамда ишлаб чиқариш объектлари ҳам қурилиши назарда тутилганлиги таҳсинга лойиқ.
[gallery-10968]
Медиа-тур иштирокчилари “Чионобод” МФЙда қурилиб фойдаланишга топширилган ушбу 5 қаватли уйга кўчиб кирган хонадонларда бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди.
– Фориш туманининг чекка қишлоғида жуда қийин шароитда, ичимлик сув, табий газ билан таъминланмаган жойда яшаб, Дўстлик туманига кўчиб келганимиздан кейин, бир қанча вақт “барак” да яшадик, – дейди ушбу янги хонадонлардан бирида истиқомат қилувчи, нафақахўр Ҳаким Қоржовов. – Кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида мана шундай, барча шароитлар мужассам уйлар қурилиб, биз каби уй-жойсизларга 5 йиллик субсидия асосида топширилди. Табий газ, иссиқ ва совуқ сув, электр билан 100 фоиз таъминланган. Бирор жойида бирор камчилик кўрмайсиз. Худо берса қўшалоқ беради, деганларидек, ўғлим ва келиним ишли бўлди. Турмуш ўртоғим билан набирамизни тарбиялаб роҳат-фароғатда яшаяпмиз. Ёшим 60 дан ошган бўлса, эсимни таниганимдан бери фуқароларга бунақа шароит, бунақа ғамхўрликни кўрмаган эдим. Шундай халқпарвар Юртбошимизнинг бошлари омон бўлсин, мингдан-минг раҳмат.
Шунингдек, туманда 3 миллиард 200 миллион сўмга Мамажон Дадажонов, Қосим Раҳимов, Мурод Абдувосиев номли, “Янги тараққиёт” ва “Истиқлол” фермер хўжаликлари уюшмаси(ФХУ) ҳудудларидаги суғориш тармоқлари, 2 миллиард 200 миллион сўмга “Навбаҳор”, “Ҳосил суви”, “Шакарсой” ва “Жиззах остонаси” ФХУлари ҳудудларидаги лоток тармоқлари, 2 миллиард 300 миллион сўмга Мамажон Дадажонов, Саркисов ҳамда Шахобиддин Ибрагимов номли ФХУлари ҳудудида коллекторлар реконструкция қилинди, 2 миллиард 200 миллион сўмга “Саноатчилар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” да ичимлик ҳамда оқова суви тармоқлари барпо этилди.
Аҳолини электр энергияси, табий газ, ичимлик сув таъминоти, ички йўллар ва бошқа инфратузилма объектлари билан боғлиқ, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилувчи долзарб муаммоларни ҳал этиш мақсадида туманга барча манбалар ҳисобидан 7 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилган. Шундан 6 миллиард 200 миллион сўми республика бюджети, 320 миллион сўми маҳаллий бюджет ва 651 миллион сўми тармоқ корхоналари ҳамда ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан қопланган.
Матасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу маблағлар асосида “Саритепа” МФЙда 1,9 километр, “Олтин водий” МФЙда 1 километрлик тоза ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 1 та насос алмаштирилган. “Бунёдкор” МФЙга 1 та трансформатор ўрнатилган. “Мевазор”, “Наврўз” ва “Бунёдкор” МФЙларида 5,4 километр электр узатиш тармоқлари реконструкция қилиниб, 148 дона электр узатгич темирбетон таянчлари ўрнатилган.
Булардан ташқари, тумандаги 7 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 25 та кўчанинг 21,1 километр қисмига шағал қоплама тўшалганю “Қахрамон” МФЙдаги “Исломобод” кўчаси, “Боғзор” МФЙдаги Шароф Рашидов кўчаси ва “Мевазор” МФЙдаги 5 та кўчанинг 3,6 километр қисми асфальтланган.
Тадбир иштирокчилари маҳаллаларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 1 минг 42 хонадонда 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Маҳалладаги ички йўлларнинг 1 километрига цемент-бетон, 1 километрига асфальт-бетон қопламалари ётқизилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида маҳалла биноси қайта реконструкция қилиниб, ўтган йили Наврўз байрамида фойдаланишга топширилган. МФЙ табиий газ, ичимлик сув ва электр энергияси билан тўлиқ таъминланган.
Шунингдек, маҳалла биносида аҳоли ва ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун кутубхона фаолият олиб бораётган бўлса, шахмат-шашка тўгараги кун давомида ёшлар билан гавжум. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида бу ерда ташкил этилган тиббиёт пункти фаолиятидан фуқаролар миннатдор.
– Маҳалламиздаги “бешлик” – МФЙ раиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, маҳалла профилактика инспектори билан биргаликда ишни аҳолини хатловдан ўтказишдан бошладик ва ўтказилган хатловимизга кўра маҳалламизда 403 нафар ишсиз фуқаро борлиги аниқланди, – дейди ушбу МФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Суннат Яҳёхонов. – Фермер хўжаликларидан ажратилган 55 гектар ерни маҳалламиздаги 110 нафар банд бўлмаган фуқароларимизга бўлиб бериб, улар бугунги кунда олган даромадларидан миннатдор. Бундан ташқари, маҳалламизда ҳовлили уйлар кўп бўлганлиги сабабли фуқароларимизнинг каттагина қисми паррандачилик билан шуғулланмоқда.
Дарвоқе, маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган 90 нафар фуқарога имтиёзли банк кредити, 21 нафар эҳтиёжмандларга субсидия маблағлари ажратилган. Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилиш орқали уларга барча зарур меҳнат қуроллари субсидия маблағлари асосида олиб берилган. Бу аҳолининг ўз томорқа хўжаликларида меҳнат қилиш билан бандлигини таъминлаш имкоини берган.
– Маҳалламизда ёшларни иш билан таъминлаш микромаркази мавжуд бўлиб, бу ерда ёшларимизни касб-ҳунарга ўргатишга йўналтириш, кредит ажратиш, тадбиркорликни бошламоқчи бўлганларни қўллаб-қуватлаш ва бошқа шу каби ишлар билан шуғулланилади, – дейди маҳалла ёшлар етакчиси Шукур Маликов. – Дўстлик шаҳрчаси ҳудудида бўлганлигимиз боис, бизда асосий драйвер бу – аҳолига хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Шуни ҳисобга олиб, қолибли нон ишлаб чиқариш, қандолатчилик, девор обойлари ишлаб чиқариш цехлари, эркаклар, болалар ва аёллар учун сартарошхона ва гўзаллик салонлари, гўшт дўкони, 3 та оилавий уй боғчаси ташкил этилиб, 40 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланган.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам медиа-тур давомида тадбир иштирокчилари Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмаси қошида қайта реконструкция қилиниб, янгидан ташкил этилган 60 ўринга мўлжалланган 2 қаватли туманлараро қўшимча шикастлар, қонтомир маркази фаолияти билан таништирилди.
– Муассасамиз туманлараро бўлганлиги сабабли ҳам бу ерда Арнасой, Мирзачўл, Зафаробод, Зарбдор ва ўзимизнинг Дўстлик туманидан беморлар келиб даволанади, – дейди туман кўп тармоқли марказий поликнилика хизмати бўйича бош шифокор ўринбосари Бахтиёр Эшмуродов. – Шифохонамиз энг сўнги русумдаги қўшимча шикастлар, кичик жарроҳлик ва қон касалликлари ва қон қуйишга тааллуқли бўлган энг замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар, жумладан, жарроҳлик амалиёти учун зарур бўлган лапароскоп аппарати, бундан ташқари МРТ, УЗИ ва бошқа зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Беморлар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам барча шароитлар яратилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бюджет шаклланиши жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирлар, маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар ажратиш бўйича “Ташаббусли бюджет” тартиби жорий этилди.
Ушбу тартиб асосида 2022 йил Дўстлик туманида мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, ички йўлларни таъмирлаш бўйича 11 та таклиф ғолиб деб топилди. Ушбу объектларни таъмирлаш учун 6 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Жорий йилда ҳам “Ташаббусли бюджет” тартиби асосида туманда жами 6 миллиард 300 миллион сўм, шу жумладан, биринчи ва иккинчи мавсумларга 3 миллиард сўмдан ҳамда вилоят бюджетидаги эркин қолдиқ маблағлар ҳисобидан 290 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан тумандаги 2 та объект учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилган. Дўстлик марказий сув иншоотидан “Саритепа” МФЙдаги сув иншоотига борувчи 3,5 километр магистрал сув қувурлари реконструкция қилинади ва 1 та хлорлаш ускунаси ўрнатилади, яна шу маҳалла ҳудудидаги 6 та кўчада яшовчи аҳоли учун 4 километр ичимлик сув тармоғи тортилиши режалаштирилган. Дастур маблағларининг 1 миллиард сўми ҳисобига “Манас” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ичимлик сув иншоотининг 4 комплект насос ва жиҳозлари замонавий энергия тежамкор насосларга алмаштирилади ҳамда 1 тахлорлаш ускунаси ўрнатилади.
Туман аҳолисини электр энергияси, табий газ, ичимлик суви таъминоти, ички йўллар ва бошқа инфратузилма объектлари бўйича “Боғзор” МФЙга 37 та темир – электр узатувчи бетонтаянч ва 1 та трансформатор ўрнатилади.
Юқорида қайд этилган чора-тадбирларга қўшимча, тумандаги сектор раҳбарларининг шахсий ташаббуслари билан аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш учун 26 та объектда 12 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари бажарилади.
Президентимизнинг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси асосида Дўстлик туманида жорий йилда умумий қиймати 164 миллиард 300 миллион сўм бўлган 37 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 532 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Медиа-тур журналистларда катта таассурот қолдирди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА