2025 йил 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури амалга оширилиши эълон қилинди. Ушбу дастур доирасида тиббиёт муассасаларидаги навбатни тартибга солиш, кутиш жойларини замонавийлаштириш, “Она ва бола” хоналарини ташкил этиш, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун инфратузилмани яхшилаш, санитария талабларига жавоб берадиган шароитларни яратиш каби устувор йўналишлар белгиланди.
Шу асосда Сирдарё вилоятида ҳудудий соғлиқни сақлаш тизими фаолияти танқидий баҳоланди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов бошчилигида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, профилактик тадбирларни кенгайтириш ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширила бошланди.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида вилоятдаги 139 та тиббиёт муассасасида қатор инфратузилмавий ва ташкилий муаммолар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, 75 муассасада ёритиш тизими етарли эмас, 58 тасида деворлар таъмирга муҳтож, 65 муассасада эшиклар ва маълумот лавҳалари етишмайди ёки яроқсиз ҳолатда. Шунингдек, 23 муассасада поллар санитария талабларига жавоб бермайди, 32 муассасада йўлаклар таъмирга муҳтож, 79 муассасада йўналтирувчи белгилар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, стационар муассасаларда чақирув тугмалари, ички алоқа воситалари, шифокор қабулларига онлайн ёзилиш имкониятлари, беморлар махфийлигини таъминловчи парда ва ширмалар каби муҳим жиҳатлар ҳам етишмаслиги қайд этилди.

– Мазкур камчиликлар таҳлилий йиғилишда атрофлича кўриб чиқилди ва уларни бартараф этиш бўйича қатъий вазифалар белгиланди, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Санжар Худойбердиев. – Қисқа вақт ичида бир қатор амалий ишлар амалга оширилди. 50 дан ортиқ муассасада ёритиш тизими янгиланди, таъмир талаб девор ва эшиклар алмаштирилди, санитар талабларга мос поллар янгиланди, кутиш жойлари замонавий кўринишга келтирилди, шахсий гигиена учун шароитлар яратилди.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг кўпида “Она ва бола” хоналари ташкил этилди, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун инфратузилмалар қисман мослаштирилди. 11 муассасада ногиронлар учун махсус мосламалар ўрнатилди. 50 муассаса парда ва тиббий ширмалар билан жиҳозланиб, беморлар махфийлиги таъминланди.
Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида стационар муассасаларда чақирув тугмалари ва ички алоқа воситалари жорий этилмоқда, шифокор қабулларига онлайн ёзилиш тизими фаолиятга киритилмоқда. Шунингдек, гигиеник воситалар билан таъминлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди – вилоятдаги барча тиббиёт муассасалари 700 миллион сўмлик гигиеник воситалар билан таъминланди.
Бу галги ислоҳотларнинг эътиборга молик жиҳати – улар қоғозда эмас, балки амалиётда ўз самарасини кўрсатмоқда. Ҳақиқий ўзгаришлар, жойлардаги мулоқотлар, фуқаролар розилиги ва соҳага ишончнинг ортаётгани – бу ислоҳотларнинг ҳаётий ва таъсирчан бўлаётганини тасдиқлайди.
“Тиббиётда 90 кунлик” дастури орқали амалга оширилаётган ишлар нафақат тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилашга, балки инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳаёт сифати ва саломатлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири