Ислоҳoт ва янгиланишлар акс этган янги китоб
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, халқаро Чўлпон мукофоти лауреати шоир Ўткир Раҳматнинг “Оянсаңы, таң атты, ақыр...” (Уйғонсангчи, тонг отди, ахир...) шеърий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда мазкур китобга ўз мулоҳазаларини ёзган Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов ҳамда Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Оразбай Абдираҳмановлар сўзга чиқишиб, "Уйғонсангчи, тонг отди ахир..." китоби ғоятда мазмундор, бадиий жиҳатдан юксак, шунингдек, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг бирдамлигини тараннум этувчи шеърлардан ташкил топганлигини эътироф этишди.
[gallery-24004]
Бундан ташқари, тақдимотда шоир Ўткир Раҳмат шеърияти ҳақида филология фанлари доктори, профессор Қ.Оразимбетов ва бошқа адабиётшунос олимлар, талаба ёшлар ўзларининг фикр, мулоҳазаларини билдиришиб, янги китоб китобхонларга муносиб совға бўлганини таъкидлашди.
Тадбирда китоб муаллифи сўзга чиқиб, Қорақалпоғистонда кейинги йилларда қилинаётган катта бунёдкорлик ишлари, хусусан, Мўйноқ ва бошқа туманлардаги ислоҳотлар, аср қурилиши дея эътироф этилган Амударё устига янги кўприк қурилиши каби янгиланишлар ўз ижодида акс этганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, мазкур китобни таржима қилишда иштирок этган ижодкорларга миннатдорлик билдириб, бу борадаги ижодий ҳамкорлик бардавом бўлишини, ҳали Қорақалпоғистон кенгликлари ҳақида кўплаб ижод намуналари яралишини қайд этди.
Тадбир якунида шоир Ўткир Раҳмат университет жамоасига янги китобини совға қилди ҳамда мухлисларга дасхатлар ёзиб берди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА