Ислоҳотлар – журналистлар нигоҳида
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан журналистлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан журналистлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Журналистлар пресс-тур давомида Хатирчи ҳамда Навбаҳор туманларида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ишларни марказий нашрлар, телевидение орқали кенг ёритди. Ижодкорларнинг навбатдаги манзили вилоятнинг Конимех тумани бўлди.
Дастлаб журналистлар Шўртепа маҳалласи ҳудудидаги “Konimex nasl chorva” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Ушбу корхона Президентимизнинг жорий йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи доирасида тасдиқланган дастурга асосан ўз фаолиятини бошлаган.


– Лойиҳа учун туман ҳокимлиги томонидан 1 минг гектар ер майдони ажратилди, – дейди корхона раҳбари Азиз Сувонов. – Бугунгача корхона томонидан 1 миллион 19 минг доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Натижада корхона учун бино сотиб олинди. Украинадан 121 бош зотли қорамол келтирилди. Мол сонини 1000 бошга етказиш мўлжалланган. Бу ишлар эронлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ҳамкорларимизнинг яшаши, ишлаши учун барча зарур шарт-шароит яратилган.
Пресс-тур иштирокчилари маҳалладаги “Navoiy gips xomashyo” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди.
Ўтган йилнинг 1 октябрида иш бошлаган корхонада 15 киши меҳнат қилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 миллиард сўмни ташкил этади. Корхона томонидан Қозоғистон Республикаси билан 500 минг доллар миқдорида ганч маҳсулотлари етказиб бериш учун шартнома имзоланган.


Ушбу корхона 2020 йил 1 октябрга қадар 14 миллиард сўмлик гипсокартон ва гипсоблок ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирган. Технологик асбоб-ускуналар келтириш учун Хитой Халқ Республикаси билан шартнома тузилган. Бунинг учун тижорат банки томонидан 1 миллион доллар миқдорида кредит ажратилади. Хом ашё эса вилоят ҳудудидан олинмоқда.
Бундан ташқари, ҳудуддаги “Riverstone Powders” масъулияти чекланган жамиятида МП-1 маркали активлаштирилган минерал кукун ишлаб чиқарилаётир.
– Йўлга ётқизилган оддий асфальт бир ярим-икки йилдан сўнг ёрилади, – дейди корхона раҳбари Шерали Рўзиев. – Марказий Осиёда ягона бўлган бизнинг корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот эса 20 йилгача кафолатланган. Авваллари маҳсулот таркибига қўшиладиган стратегик аҳамиятга эга қўшимча хом ашё фақат Россиядан келтирилар эди. Эндиликда у Нурота ва Ғозғоннинг мармар қолдиқларидан олинади. Энг муҳими, корхона маҳсулотларига ташқи бозорда эҳтиёж юқори. Келишувларга мувофиқ, маҳсулотимиз 2020 йил январидан Қозоғистонга экспорт қилинади.

Шўртепа маҳалласи ҳудудида жойлашган “Konimex – Askomi” масъулияти чекланган жамиятининг икки гектарлик иссиқхонасида 15 нафар ишчи меҳнат қилади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 4,5 миллиард сўмга тенг бўлиб, бу ерда етиштирилган помидор қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
Шу куни журналистлар туман Давлат хизматлари маркази ҳамда янги бинода фаолият бошлаган Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг Наврўз маҳалласи ҳудудидаги полипропилен қоплар ишлаб чиқариш цехи, туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Konimex-Qizilqum shubat” масъулияти чекланган жамиятининг 4,5 гектар майдонда ташкил этилган экотуризм маркази билан ҳам танишди.
Одил ҲОТАМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.