Ислоҳотлар самараси билан гўзал
Юрт ободлиги ва халқ розилиги... Бу улуғ тушунчалар доимо ёнма-ён ва ҳамоҳангдир.
Ҳаётбахш ўзгаришлар йўлида
Юрт ободлиги ва халқ розилиги... Бу улуғ тушунчалар доимо ёнма-ён ва ҳамоҳангдир. Бу ҳамоҳанглик халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан, эл-юртимиз томонидан шоду хуррамлик билан қабул қилинаётган инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотлар қизғин паллага кирган бугунги кунда яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.
Дарҳақиқат, бугун юртдошларимиз нигоҳида ҳаётдан розилик ва эртанги кунга мустаҳкам ишончни кўриб турибмиз. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, юртдошларимиз жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифати таъминланаётганини ўз турмуши мисолида кўриб, сезиб турибди. Бу эса фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканидан далолатдир.
Ислоҳотлар... Сўнгги уч йилда мамлакатимизда амалга оширилган янгиланишларни ҳеч сарҳисоб қилганмисиз? Тўғриси, амалга ошишига чорак аср етмаган, халқимиз ҳаёти ва дунёқарашини ўзгартирган, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътибори ва имижини шакллантирган юзлаб ислоҳотлар қилингани ҳатто ўз юртининг равнақи ва қудратига шубҳа билан қарайдиган, таҳлилдан кўра танқидни хушлайдиган баъзи инсонларнинг ҳам ақлини шошириб қўйди.
Аввало, барча чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилди, чегаралар очилиб, янги назорат-ўтказиш пунктлари ташкил этилди, фаолияти тўхтатиб қўйилганлари очилиб, ўтказиш сиғими оширилди, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилди. Марказий Осиё мамлакатлари билан “оғриқли” масалалар ҳам конструктив мулоқот йўли билан бирма-бир ўз ечимини топмоқда. Шу пайтга қадар яқин қўшниларимиз билан қанчалик зиддиятга бориб, боши берк кўчага кириб қолганимизни билган билади, билмаган йўқ. Аммо бугун яқин қардошлик ришталари тикланиб, ўртадаги музлар эритилди, бунинг натижасида яқин қариндош, қудаю қудағай бўлиб кетган халқларимизнинг мушкули осон бўлиб, кўплаб муаммолар барҳам топди.
Ёки иқтисодий ислоҳотлар, туризмнинг ривожланиши, солиқ ислоҳотлари, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши, банк-молия ислоҳотлари, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга оширилиши... Буларни ҳозир бирма-бир санаб, адоғига етиб бўлмайди, аммо катта йўл бошида турганимизда бундай эзгу ишларнинг амалга ошишига ишонмаганлар қанча эди...
Жаҳон банки томонидан юритиладиган “Doing bussines” рейтингида бугун Ўзбекистон ўрни кескин кўтарилиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимиз 2018 йилда 190 мамлакат орасида 66,32 балл билан 74-ўринни эгаллаган ва ўз позициясини 13 тага кўтариб олган бўлса, 2019 йилда 67,4 балл тўплаб, ўтган йилга нисбатан нуфузи янада ошди. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ Ўзбекистонда йилдан-йилга бизнес фаолиятини юритиш осонлашиб, бюрократик тўсиқлар камайиб бораётганидан далолат беради.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси 2016-2018 йилларда 38 фоизга, экспорт эса 15,7 фоизга ошган. 2019 йил январь-август ойларида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 28,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 7,9 млрд. долларга ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38,6 фоизга ошиб, экспорт эса 46,7 ва импорт 32,8 фоизга ўсди.
Халқаро ташкилотлар ҳисоботига асосан Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2018 йилда 48,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 5,1 фоизга ўсган бўлса, 2019 йилда Жаҳон банки прогнозига кўра 5,3, Осиё тараққиёт банкига кўра 5,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. 2020 йилдан бошлаб эса ЯИМнинг 5,5 фоиздан ортиққа ўсиши ҳисоблаб чиқилган.
Ёки биргина Давлат хизматлари агентлиги номли ташкилот фаолиятининг йўлга қўйилгани фуқароларнинг қанчадан-қанча сарсонгарчилигининг олдини олди, вақтини тежади, энг асосийси, бюрократия ва коррупцияга барҳам берди. Айтингчи, буни ким инкор эта олади?
Ўзбекистонда барча соҳаларда бир вақтнинг ўзида амалга оширилаётган катта кўламдаги ўзгариш ва янгиланишлар, инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам юқори баҳоланиб, халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, АҚШда чоп этиладиган дунёга машҳур “Форбс” (Forbes) нашрида эълон қилинган Кеннет Рапоза қаламига мансуб мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг ислоҳотчи раҳбари Дэн Сяопинга қиёсланди. Мана сизга ҳақиқий ва холис эътироф!
Шу ўринда юртимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг асосий муваффақияти нимада, деган ҳақли савол туғилади. Қайси омиллар бугун юртдошларимизнинг қаддини тик қилиб, кўнглини тоғдек юксалтираяпти?
Мана шу саволларга жавоб излар эканман, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг бундан қарийб 600 йил аввал битган “Элга қўшилғон эш топти” сатрлари ёдимга тушади. Олтинга тенг бу сатрлар орқали мутафаккир бобомиз инсоннинг бахту саодати халқи билан, элининг ичига киришида, унинг дардига дармон, қувончига шерик бўлишида эканини таъкидлаган эдилар. Бугун давлатимиз раҳбаридан тортиб, оддий мулозимларгача халқимизни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга ечим топиш, оддий одамлар турмуш даражасини юксалтиришга астойдил бел боғлагани юртдошларимизнинг қалбига нур, белига қувват бўлаётгани сир эмас.
Тажрибадан аёнки, ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончини оқлаш, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Абдураҳмон Жомий айтганларидек, “Боши билан шўнғиб кирмаса ҳар дам, Сув остидан дурни топарми одам?”. Яъни сув остидаги дурни топиш учун, аввало, сувга шўнғиш керак бўлганидек, бугун халқ дардини, муаммосини ечиш учун, юмшоқ курсидан тушиб, салқин хонадан чиқиб, халқнинг олдига келиш, дардини тинглаш, муаммосини ўрганиб, ечим топиш, пировард натижада халқни рози қилиш давлат идоралари ва барча раҳбар ходимларнинг биринчи галдаги вазифасига айланди.
Узоққа бормайлик, оддий халқ вакиллари давлат органлари эшиги олдида сарғайиб, дарду аламини, муаммоларини кимга айтишни билмай, сарсон бўлган даврлар ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Муаммоларни бартараф этиш у ёқда турсин, уни эшитадиган бирор мард топилмаган даврларда одамлар қаёққа боришини билмай сарсон эди... Машҳур турк ёзувчиси Азиз Несиннинг “Мушт кетди” номли ҳажвияси бор. Унда юқоридаги раҳбаридан гап эшитиб келган кичик раҳбар ходимини обдон тергаш орқали хумордан чиқади. Ходим аламини уйга келиб аёлидан олади. Аёл фарзанди, бола эса мушугини уриб ҳовуридан тушади. Раҳбарлар халқни эшитишдан йироқлаб кетган даврларда айрим мутасадди ташкилот ва масъул раҳбарларнинг муаммони ҳал қилиш ўрнига уни бир-бирига “узатиш” билан шуғулланиб келгани беихтиёр ана шу ҳажвияни ёдга солади.
Натижада бори шу эканда деб, тушкун кайфиятда юрган одамлар давлат идораларига ишонмай қўйди. Бу масаланинг бир томони холос, танганинг иккинчи томони ҳам бор: муаммолар йиғилиб-йиғилиб, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш тўхтаб қолди, халқ фаровонлиги оддий қоғозларда ёзилиб, амалда муаммолар хаспўшланиб келаверди.
Барчамизнинг бахтимизга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими яратилишига асос бўлди. Мурожаатлар билан ишлашда янгича услуб очилди – энди халқ бевосита Президентга мурожаат қилиши мумкин. Тасаввур қилиш қийину, лекин ҳақиқат.
Янги тизимнинг асоси этиб замонавий усул – Президент Виртуал қабулхонаси ва унинг ишонч телефони ҳамда Халқ қабулхоналари ишга туширилди.
Зум ўтмасдан ушбу Қабулхоналар давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди. Сизда ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар бўлса, мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига 3 хил усулда юбориш имконияти яратиб берилди.
Энди халқни эшитадиган Президенти бор, энди халқнинг ишонган суянчи ва таянчи бор! Шу ишонч ва йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар сабабли, мурожаатлар сони қисқа муддатда 1 миллиондан ошиб кетди. Энг муҳими, мазкур мурожаатларнинг ҳар бири алоҳида назоратга олиниб, муаммолар бирин-кетин ўз ечимини топа бошлади.
Орттирилган тажриба асосида мазкур тизим ҳам ривожлантириб борилди. “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”. Ушбу иқтибослар халқимизга меҳри, муҳаббати баланд давлатимиз раҳбари қалбидан чиққан садолардир.
Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ана шу долзарб масалага алоҳида тўхталиниб, Халқ қабулхоналари фаолиятида мутлақо янги тизим – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида маълум қилинди. Кўп ўтмай, 2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон билан ўта муҳим ўзгариш юз берди:
Биринчидан, Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Яъни энди Халқ қабулхоналари мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди, ўзи масъул бўлган ҳудудда мавжуд муаммоларни уйма-уй, объектма-объект юрган ҳолда аниқлайди.
Иккинчидан, туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар бўйича таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа – бир йиллик ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режасини шакллантирадиган бўлди. Қолаверса, Халқ қабулхоналари ва Президент Администрацияси бўлинмалари қисқа муддатли тадбирлар режаси ижросини назорат ҳам қилади. Яъни энди Халқ қабулхоналари нафақат муаммоларни аниқлайди, балки уларнинг ижросини ҳам назорат қилади.
Шунингдек, турли йирик дастур ва лойиҳалар фақат стратегик мақсадларни кўзлаб эмас, балки бевосита одамлар йўллаган мурожаатлар таҳлили, реал ҳаёт манзарасини инобатга олган ҳолда тайёрланади.
Агар статистик таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунга қадар туман ва шаҳарларда ташкил этилган 19 мингга яқин сайёр қабулда 267 мингдан ортиқ фуқаро билан очиқ мулоқот ўтказилди, уларнинг 275 мингдан зиёд мурожаати ўрганилди ва 115 мингга яқин муаммони жойида ҳал этишга эришилди.
Мурожаатларни соҳалар бўйича таҳлил қилсак, энг кўп мурожаат табиий газ, электр энергияси, сув ва иссиқлик таъминоти (19 минг 923 та), суд-ҳуқуқ соҳаси (15 минг 834 та), уй-жой ажратиш ва турар-жойларни таъмирлаш (16 минг 486 та), бандлик (14 минг 774 та), соғлиқни сақлаш (11 минг 498 та), ички йўлларни таъмирлаш (9 минг 596 та), имтиёзли кредит олиш (8 минг 973 та) ва моддий ёрдам (10 минг 441 та) масалалари бўйича келиб тушган.
Қувонарлиси, сайёр қабуллар мамлакатимизнинг аҳоли зич яшайдиган ҳамда олис ва чекка ҳудудларида, аҳоли учун қулай вақт ва жойларда ташкил этилишига, қабуллар давомида Виртуал ва Халқ қабулхоналарига қайта-қайта мурожаат қилаётган фуқаролар муаммоларини биринчи навбатда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, секторлар раҳбарлари томонидан қабуллар давомида фуқароларнинг розилигини таъминлаш, мурожаатлар холис ва тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳам “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори асосида фаол иштирок этиб, ислоҳотлар таъсирчанлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўз таркибига Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Нуроний жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларини қамраб олган Республика жамоатчилик комиссияси 2018 йил август ойидан буён Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Олмазор, Бектемир, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод, Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек ва Сергели туманларидаги маҳалллаларда истиқомат қилувчи минглаб фуқаролар муаммоларини ўрганиб чиқиш, уларга ижобий ечим топишда амалий кўмак берди. Аҳамиятли томони шундаки, очиқ ва самимий мулоқотлар асносида халқ билан ҳамкорликда муаммоларни бартараф этиш йўллари изланиб, тегишли чоралар топилди. Энг муҳими, дардига дармон топаётган одамларда эртанги кунга ишонч туйғуси мустаҳкамланди.
Бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенг. Уларнинг самараси туфайли оддий одамларнинг ҳаётдан розилик даражаси ортиб бормоқда. Шу билан бирга, ҳали ечимини топмаган муаммолар, халқимизни қийнаб келаётган масалалар ҳам талайгина. Айниқса, коммунал соҳа (электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви)даги узилишлар, йўл ва маиший инфратузилмадаги муаммолар, коррупция, порахўрлик, ишсизлик, боқимандалик каби муаммолар борки, уларни бартараф этиш учун ҳали анча иш қилиниши, қатъий чоралар кўрилиши керак. Бу жараёнда, энг муҳими, барча ўзгаришларни ҳар биримиз, аввало, ўзимиздан бошлашимиз лозим.
Мулоҳазаларим якунида Европа ренессансининг энг машҳур даҳоларидан бири Леонардо Да Винчи “Ҳар қандай тўсиқ қатъият билан забт этилади”, деб ёзганида нечоғли ҳақ эканини таъкидлагим келди. Чунки, ҳақиқатдан ҳам ўтган йилларда Президентимиз ва у кишининг қатъияти, мустаҳкам иродаси тимсолида жонажон Ватан равнақи йўлида фидойилик, ватанпарварлик баландпарвоз сўзлар орқали эмас, элу юрт йўлида ўзни аямасдан меҳнат қилиш билан белгиланишини барча англай бошлади.
Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, бирлик, аҳиллик ва меҳнат – буюк мақсадларга етишнинг ягона, бирдан-бир йўлидир. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!”.
Анваржон АБДУМУХТОРОВ,
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати
ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси.