Ислоҳотлар мўъжизаси
1949 йил 1 октябрь куни Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонида Хитой Халқ Республикаси ташкил топгани эълон қилинган эди. Шу кундан эътиборан ҳар йили 1 октябрь – Хитой Халқ Республикаси миллий байрами – Республика куни сифатида кенг нишонланади.
Хитой Халқ Республикаси ташкил топганига 70 йил тўлди
1949 йил 1 октябрь куни Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонида Хитой Халқ Республикаси ташкил топгани эълон қилинган эди. Шу кундан эътиборан ҳар йили 1 октябрь – Хитой Халқ Республикаси миллий байрами – Республика куни сифатида кенг нишонланади.
Мазкур байрам беш кун давомида Хитой тарихидаги икки “Олтин ҳафта”дан бири сифатида тантана қилинади. Бутун мамлакат бўйлаб халқ сайиллари, томошалар ўтказилади. Мазкур байрамни томоша қилиш учун кўплаб хорижлик сайёҳлар Хитойга ташриф буюради.
Жорий йилда 70 йиллигини нишонлаётган Хитой Халқ Республикасининг сўнгги 25-30 йилдаги равнақи бутун дунёни ҳайратга солмоқда. Хитой халқи ўз маданияти, урф-одатлари, миллий ғояларига содиқ бўлиб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий тузуми, раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари фаолиятига баҳо беришда адолат мезонларига қатъий таянган ҳолда ёндашади.
Беш минг йиллик тарихга эга Чин мамлакатининг буюк ислоҳотчиси Дэн Сяопин Хитой Халқ Республикаси тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. У иқтисодиёти мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланиб бораётган замонавий Хитойнинг меъмори сифатида дунёга танилган. Ҳатто ХХР Раиси Си Цзиньпин ҳам ўзини Ден Сяопиннинг шогирди, деб ҳисоблайди.
Буюк сиёсатчи, Хитой Коммунистик партиясининг йирик арбоби Дэн Сяопин амалда бирор марта биринчи раҳбар лавозимида ишламаган. Аммо тақдир тақозоси билан 1970 йил охиридан 1990 йиллар бошигача бир миллиарддан ортиқ аҳолиси бўлган Хитой Халқ Республикасини бошқарган.
Дэн Сяопин раҳбар учун жуда муҳим бўлган ноёб қобилиятга эга давлат арбоби эди. Инсоният тарихида одатда қирғинбарот урушлар, низо-жанжалларсиз ҳал қилиб бўлмайдиган ишларни у музокараю муроса йўли билан бажариш уддасидан чиқди. У бир-бирига қарама-қарши икки тушунчани, бири иккинчисини инкор этувчи икки илмий-назарий концепцияни, икки ижтимоий-сиёсий тузумни бир-бири билан келиштириб, уларни бирлаштира олган буюк тарихий шахсдир.
Унинг ҳаёти ва фаолияти осон кечмаган. Уч марта юқори лавозимлардан четлатилган, таъқиб остида бўлган, сургун қилинган, аммо ватани тақдирига бефарқ бўлмаган бу шахс сиёсий саҳнада қайта-қайта пайдо бўлган. Аслида “Дэн Сяопин” – хитойча «ҳеч ким енгиб бўлмайдиган, мустаҳкам иродали» деганидир.
Дэн Сяопин Пекин университетининг табиий фанлар факультетини битиргач, АҚШдаги Ротчестер унивеситетида профессор лавозимида ишлайди. Ҳужжатларида Дэннинг исми Сяньшэн деб ёзилган эди. Сяньшэн хитойча – “донишманддан ҳам ақлли” деган маънони англатади.

Хитой Халқ Республикаси ташкил топган 1949 йили Дэн Сяопин мамлакатнинг жануби-ғарбий туманларига ишга юборилади. У ерда партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимида ишлайди. 1957 йили Мао Цзедун Дэн Сяопинни Хитой Компартияси марказий қўмитасига бош котиб лавозимига таклиф этади. Дэн Мао Цзедун ҳаётлиги даврида унинг меросхўри деб эълон қилинган Лю Шаоци билан бирга Хитойнинг “Буюк сакраш” дастури асосида янги иқтисодий ислохотларга киришади. Муваффақиятли чиққан бу фаолияти унга партия ва халқ олдида катта обрў-эътибор олиб келади.
Мао Цзедун вафотидан кейин ҳукумат бошида бош вазир Хуа Гофен турган бўлса-да, дунёқараши халққа яқин бўлган, бошқарув аппаратида анчадан буён ишлаётган Дэн Сяопин мамлакатнинг ҳақиқий раҳбари бўлиб қолади. Мао ҳукмронлигининг сўнгги йилларида узоқ давом этган ва халқнинг тинкасини қуритган “маданий инқилоб»лардан сўнг ҳолдан тойган, иқтисоди қашшоқлашган, боз устига тобора авж олаётган фуқаролар урушига ғарқ бўлиб кетиш арафасида турган Хитойда раҳбарлик лавозимига келган Дэн Сяопин қадимда ҳукм сурган барча бошқарув усуллари, ижтимоий-сиёсий тузумларни чуқур идрок этиб, мамлакатни янги йўлга бошлайди.
Дэн Хитойда умумхалқ давлатига асос солади. Жамиятга бундан буён мутлақо янгича фикрлашни, янгича ишлашни таклиф этади, юқори самара берадиган жиддий иқтисодий ислоҳотлар ташаббускори бўлиб чиқади ва тарихан қисқа давр ичида Хитойни жаҳон бозорининг узвий бир қисмига айлантиришига муваффақ бўлди.
1961 йили Гуанчжоу конференциясида кейинроқ бутун дунёга машҳур бўлиб кетган “Мушукнинг қора ёки оқ рангда бўлишига қараманг, муҳими у сичқон тута билиши керак”, деган иборасини ишлатади.
Шундай қилиб, катта ҳаётий тажрибаси, қобилияти, халққа бўлган меҳри, давр ва тақдир тақозоси билан Дэн Сяопин 1990 йил бошига қадар Хитой етакчиси бўлиб қолди.
Дэн Сяопин ўзининг янги иқтисодий сиёсатида “тўрт соҳанинг модернизацияси” барча ислоҳотларнинг асоси деб эълон қилади. Шу принцип асосида мамлакат иқтисодиёти 4 секторга: мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, фан ва саноат ишлаб чиқариши секторларига бўлинди. “Социалистик бозор иқтисодиёти” мамлакатда бош йўналиш қилиб олинди. Вақт ўтиши билан бу ўз таъсирини кўрсатиб ижобий самара берди. Дэн инсоният тарихида биринчи бўлиб “ўзига ўртача тўқ бўлган Саокан жамияти”ни қуриш ғоясини илгари сурди. Дэн Сяопиннинг тавсияси бўйича, иқтисодиётнинг кўпчилик секторлари ишига ҳукумат аралашуви камайтирилди, бошқариш ваколати ва масъулияти соҳа раҳбарлари ихтиёрига топширилди, хусусий секторларнинг роли ортди. ХХРга хориждан тўғридан-тўғри инвестицияларни киритишга, халқаро савдога рухсат берилди. Бу ташаббуслар Хитой аҳолиси турмуш даражасини кўтариш имконини берди, муҳими, олиб борилаётган комплекс ислоҳотлар халқ томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.
Эркин иқтисодий зона деган тушунча асли Хитойдан тарқалгани маълум. Дэн Сяопин бундан 40 йиллар аввал эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиб, уларни “махсус иқтисодий зона” деб номлайди. Ҳозир Хитойда Шэньчжэнь, Чжухай, Шаньтоу, Сямэнь, Хайнань каби 10 га яқин шаҳар, орол ва минтақаларда, шунингдек, кўплаб бошқа давлатларда ана шундай эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда.
Хитой бу йўлдан бориб дунё бозорини ўз махсулотлари – кийим-кечак, электроника, маиший товарлар, машиналар, ҳатто болалар ўйинчоқларигача тўлдириб ташлади.
Бир авлод умри давомида Хитой сиёсий, маънавий, иқтисодий таназзулдан чиқиб мустаҳкам оёққа турди, қудратли иқтисодиётини шакллантирди, катта суръатлар билан ривожланиб бораяпти, «дунё фабрикаси» деган ном олди, бу муваффақиятни бугун бутун дунё эътироф этмоқда.
Яқинда Хитойда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг халқаро форуми бўлиб ўтди. Анжуман қатнашчилари Хайнань эркин иқтисодий зонасини бориб кўрди. Шахсан Дэн Сяопин раҳбарилигида бу оролда Хитойдаги энг катта эркин иқтисодий зона, мамлакатда ягона наъмунали тропик курорт зонаси ташкил этилган.
Бир пайтлар қолоқ, аҳолиси қашшоқ, чор-атрофи ботқоқ бўлиб ётган Хайнань оролининг бугунги кўриниши журналистларда катта таассурот қолдирди. Бу оролда сўнгги 30 йил ичида денгиз соҳилларида қад кўтарган шаҳар ва қишлоқларни, замонавий технологиялар асосида ишлаётган йирик саноат корхоналари, баҳайбат кемаларни, қудратли юк ортиш ва тушириш кранлари ишлаб турган йирик бандаргоҳларни, ғаройиб шаклда барпо этилган, дунёда саноқли бўлган етти юлдузли, кўп қаватли замонавий “Атлантик” отели ва бошқа меҳмонхоналарни, нефть, ҳўл мева, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлайдиган завод ва фабрикаларни кўриб журналистлар ҳайратларини яшира олмади. Улар бу орол бир авлод умри мобайнида мамлакат меҳнаткашларининг фидокорона меҳнати туфайли дунёдаги йирик ишбилармонлик марказига айлантирилганининг шоҳиди бўлдилар.
Хайнань эркин иқтисодий зонасида шу кунда 7 минг 320 та саноат корхонаси ишлаб турибди, бу ерга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 22 миллиард 300 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Хитой бугунги кунда мисли кўрилмаган суратлар билан ривожланмоқда. Хитойнинг улкан ютуқларга эришишида ушбу мамлакатнинг “очиқ эшиклар" деб ном олган ташқи сиёсати муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон билан Хитойнинг тараққиётида муштарак жиҳатлар кўп. Буни кўпчилик экспертлар ҳам таъкидламоқда. Жорий йил апрель ойида Хитойда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасидаги учрашувда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшу шундай деди: “Олиб бораётган сиёсатининг мақсади ва амалга ошираётган ислоҳотларининг кўлами Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни буюк Хитой ислоҳотчиси Дэн Сяопинга қиёслашга тўла асос беради”.

Ўзбекистонга, унинг раҳбарига берилган бу баҳони ўқиб туриб, Хитой ислоҳотлари билан биз қанчалик қизиқаётган бўлсак, Чин юрти ҳам Ўзбекистонни ва мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларни шунчалик диққат-эътибор билан кузатиб бораётганига ишонч ҳосил қиласан киши.
