Ишсиз ёшлар ҳунар ўрганмоқда
Қарши шаҳрида “Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш – ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Қарши шаҳрида “Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш – ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг давлат буюртмаси асосида “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан амалга оширилган бу лойиҳанинг амалий натижалари унда қатнашган барча ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Муҳим ижтимоий аҳамиятга молик бу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг молиявий кўмаги билан ҳаётга татбиқ этилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, лойиҳа доирасида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 2019 йилнинг сентябрь ойида, Миришкор туманида эса 2020 йилнинг март ойи бошида маҳаллий ривожланиш марказлари ташкил этилиб, бепул ўқув курслари очилган. Мазкур курсларда шу пайтгача 200 нафарга яқин ишсиз ёшлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўзлаштириш баробарида тадбиркорлик кўникмаларига ҳам эга бўлган.
– Жамоат фонди томонидан тақдим этилган маблағ ҳисобидан маҳаллий ривожланиш марказлари учун ўқув-ишлаб чиқариш ускуналари, зарур жиҳоз ва материаллар сотиб олиниб, вилоят ва туман ҳокимликлари ёрдами билан ўқув курсларига хоналар ажратилди, – деди “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова.
– Мақсадли гуруҳлар аъзоларини ўқитишга малакали тренерлар, амалиётчи-мутахассислар, тажрибали тадбиркор ва ҳунармандлар жалб қилинди. Натижада Чироқчида ишсиз ёшларни металлга ишлов бериш ва пайвандлаш, дурадгорлик ва мебелсозлик, электр жиҳозлари ва тармоқларини монтаж қилиш, сантехника ишлари, Миришкор тумани Жейнов қишлоғида эса жунни қайта ишлаш ва гиламчилик, каштачилик, тикувчилик ва қуроқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича касбга ўргатиш йўлга қўйилди.
Ижтимоий шериклик асосида ҳаётга татбиқ этилган бу муҳим лойиҳани рўёбга чиқаришда, шунингдек, вилоят бандлик бош бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирок этди. Ўқув курсларида ёшларга устозлик қилган мутахассисларнинг иш ҳақи ва шогирдларнинг стипендияси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланди.

– Назарий машғулотларда гиламчилик тарихидан сабоқ олиб, амалиёт пайтида жунни қайта ишлаш ва турли хил гиламлар, жойнамозлар тўқишни ўргандик, – дейди Миришкор тумани Аввона маҳалласида яшовчи 20 ёшли Ражабгул Тожиева. – Қисқа вақт ичида бу ишнинг барча босқичларини – жун танлашдан тортиб, уни тайёр маҳсулот ҳолига келтиришгача – ўзим мустақил бажара оладиган бўлдим. Ҳозир маҳалламиздаги ҳунарманд аёлларга гилам тўқишда ёрдам бераяпман. Тез орада кредит олиб, ўз бизнесимни бошлаш ниятидаман.
“Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан амалга оширилган лойиҳа ниҳоясига етказилган бўлса-да, унинг доирасида ташкил этилган маҳаллий ривожланиш марказларида ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш жараёни давом этаяпти.