Ишончли вакил томдиликлар билан учрашди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Қувондиқ Санақулов Томди тумани сайловчилари билан учрашди.
Унда туман фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фахрийлар, таълим соҳаси вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб учрашув иштирокчиларига номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, бешта устувор мақсадни қамраб олган Сайловолди дастури тўғрисида маълумот берилди.

Ишончли вакил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг 21 июнь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви давомида вилоятни келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари билан таништирди.

– Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ҳал қилиш мақсадида 310 та давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади, – деди ишончли вакил. – Янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 40 минг ўқувчи ўрни яратилади. Навоийнинг иқлимини ҳисобга олган ҳолда барча боғча ва мактаблар фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.
Кейинги етти йилда вилоятда 350 та кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига 30 минг оила уй-жойга эга бўлади. Минг километр сув тармоқлари барпо этилиб, вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 85 фоизга етказилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар Президентликка номзод Ш.Мирзиёевнинг Сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уни қўллаб-қувватлашларини таъкидлади.
– Томди туманида ҳам катта ўзгаришлар бўляпти. Аммо кейинги олти йилда амалга оширилган ишлар ўн йилларга татигулик бўлди, – деди туман мактабгача ва мактаб таълими бошлиғи М.Базарбаев. – 2017 йили туманда болаларнинг мактабгача таълим ташкилотига қамрови 34 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб 70 фоизга етди. Номзоднинг Сайловолди дастури билан танишиб, юртимизнинг эртанги кунига бўлган ишончим янада ортди ва барчани 9 июль куни бўлиб ўтадиган сайловда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашга чақираман.
Ишончли вакилнинг ҳудудларда Сайловолди тарғибот учрашувлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА