Ишончли вакил шифокорлар билан учрашди
Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг ишончли вакили Шамитдин Пардаев Бухоро вилояти Шофиркон тумани кўп тармоқли шифохонасида сайловчилар билан учрашувди.
–Биз Ўзбекистон Экологик партияси тарафдорлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, илғор хорижий тажрибалар асосида узлуксиз таълим сифати даражасини кўтариш, илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда маданий-маърифий соҳаларни янада юксалтиришни давлат ва жамиятнинг устувор вазифалари, деб ҳисоблаймиз, – дейди ишончли вакили Шамитдин Пардаев. – Ушбу вазифаларга эришиш мақсадида тиббиёт соҳасида “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги!” шиори остида, аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, фуқароларнинг ўртача ҳаёт давомийлигини оширишга хизмат қилувчи тиббиёт соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштиришни муҳим деб ҳисоблаймиз, бу борада тиббиёт соҳаси вакиллари билан мақсадимиз бир.

Учрашув давомида номзоднинг “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остидаги сайловолди дастурининг бош мақсади – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини иқтисодиётни барча соҳаларига кенг жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари яратиш ҳамда фаровон жамият барпо этишдан иборатлиги тушунтирилди.

Тарғибот тадбирида Экологик партия “Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!” шиори остида экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга тадбиқ этиш ғоясини илгари суриши таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА