Ишонч ва масъулиятни ҳис этиб
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги билан 2022 йилни кузатдик. 2023 йилни ҳаяжон ва хурсандчилик билан кутиб олдик.
Янгиланаётган Ўзбекистонимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш, ҳаётимизнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, халқимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш, онгу қалби, маънавияти, маданияти юксак инсонни тарбиялашга оид улуғвор ишларда бизнинг ҳам ҳиссамиз борлигидан бағоят мамнунмиз.
Кейинги йилларда маданият ва санъат, туризм соҳасида улкан ўзгаришлар рўй берди. Президентимиз томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларда бугунги кунда ушбу соҳаларни янада ривожлантириш борасидаги мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, янада тараққий эттиришнинг истиқболли йўналишлари рўёбини таъминлаш, мамлакатимизнинг янги имижини шакллантириш, бадиий-эстетик диди юксак авлодни тарбиялаш, уларнинг қалбида ижодкорлик, бунёдкорлик, эзгулик туйғуларини камол топтиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, берилган топшириқлар ижросини ўз вақтида ва бекаму кўст таъминлаш орқали мамлакатимизнинг энг чекка қишлоғу овулларигача кириб борилмоқда. Пировардида марказлардан олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга ҳам маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражаси оширилмоқда. Республиканинг барча жойларида театр, цирк ва бошқа турдаги оммавий-маданий ҳамда концерт-томоша тадбирлари тизимли равишда йўлга қўйиляпти.
Соҳада истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини миллий чолғулар, мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашнинг яхлит тизими яратилди.
Ўзбекистоннинг дунёга очилгани, кўплаб мамлакатлар фуқароларига визасиз режим жорий этилгани, хорижликларнинг мамлакатимизга келиб-кетиши соддалаштирилгани, кенг қулайликлар ҳозирлангани сайёҳлик тармоғини замонавий асосларда равнақ топтиришга шароитлар яратмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг соҳалар тараққиётига қаратилган эътибори туфайли ҳудудларда Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Халқаро ҳунармандчилик фестивали анъанавий тарзда ўтказиладиган бўлди. Беш муҳим ташаббус доирасида болалар мусиқа ва санъат мактаблари замон андозалари асосида таъмирланмоқда, мусиқа асбоб-ускуналари билан таъминланяпти. Уларда турли тўгараклар очиляпти.
Буларнинг барчаси асрлар оша аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ноёб санъат намуналарини янада чуқурроқ ўрганиш, миллий қадриятларимизни, бебаҳо мадиний меросини жаҳонга кенг тарғиб этиш, айниқса, навқирон авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
Юртбошимиз томонидан маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 апрель санасининг “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни” деб эълон қилиниши ҳам қалбимизни ғурурга тўлдирадиган муҳим воқеликдир.
Олиб бораётган ишларимизда халқимизнинг, Президентимизнинг қатъий ишончини, қайноқ меҳр-муҳаббатини ҳар лаҳзада ҳис қилиб турамиз ва бу бизга кўтаринки руҳ беради, янада олдинга интилишга, янги марралар сари дадил қадам ташлашга катта куч бағишлайди.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири
ЎзА
--0--
(Усмонова)