«Ишонч телефони» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида халқимизнинг атоқли адиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хайриддин Султоннинг «Ишонч телефони» китоби тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда уюшма ахборот хизмати.
Унда вазирлик жамоаси, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, нашриёт вакиллари иштирок этди.


– Хайриддин Султоннинг ушбу асари бутунлай ҳаётий воқеа-ҳодисалар асосига қурилган ва улар ноодатий бир шаклда ўқувчига етказилади, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид. – Aсарнинг асосий қаҳрамони – «Ишонч телефони» оператори Моҳидил Исматова. Унга турли тоифадаги кишилар қўнғироқ қилиб, бошларидан ўтган воқеаларни ҳикоя қилиб беришади. Шу мулоқотлар орқали ҳаёт аталмиш мураккаб жараён ва мураккаб, чигал, қизиқарли тақдирлар кўз олдингда намоён бўлади.


Ҳар бир қўнғироқ эгасининг саргузашти, гап-сўзлари мустақил бир новелла таассуротини берадики, новеллалар Моҳидил воситасида ўзаро боғланади. Уларни бир ипга тизилган тасбеҳ доналарига ҳам ўхшатиш мумкин. Тасбеҳ ўгириб, зикрга берилдингми, тўхтамаганинг сингари ўқишни бошладингми, асарнинг сирли ва сеҳрли оламига кириб кетасан. Йўқ, энди асар ўқимайсан, ўзингни шу ҳаёт ичида кўрасан.

– Ушбу китоб қаҳрамонларини ҳар қадамда учратиш мумкин, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Обиддин Маҳмудов. – Ҳаётнинг ва инсон руҳиятининг бадиий ифодаси ҳар бир китобхонни мафтун этади.
Тақдимот самимий, қизғин баҳс-мунозараларга бой руҳда ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА