Қишлоқдаги 92 хотин-қиз ишли бўлди
Дунё миқёсида ишсизлик масаласи глобал муаммога айланаётир.
Дунё миқёсида ишсизлик масаласи глобал муаммога айланаётир. Мамлакатимизда ҳам бу муаммо мавжуд. Бугун қишлоқлардаги аҳолининг аксарият қисми ишсизликдан азият чекаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ишсизлар рўйхатида хотин-қизларнинг салмоғи катта.
Ҳукуматимиз томонидан олис қишлоқлардаги аёлларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ жойларида, маҳаллаларда ва республикамизнинг олис ҳудудларида ишга муҳтож аҳоли, айниқса, аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароити ва даромадини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Президентимизнинг 2019 йил 28 майдаги “Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Маданият қишлоғида ташкил қилинган сэндвич панелли тикувчилик фабрикаси ҳам мана шундай ислоҳотлар натижасидир.

Лойиҳа қиймати 2 миллиард 300 миллион сўмни ташкил қилган корхонанинг ишга тушиши натижасида Маданият қишлоғилик 92 хотин-қиз иш билан таъминланди.
– Тикувчилик ҳунари менга момомерос, – дейди Сарвиноз Абдураҳмонова. – Шу боис, тикувчиликка жуда қизиқаман. Қишлоғимизда тикувчилик фабрикасининг очилиши мен каби хотин-қизларни иш билан таъминлаганидан жуда қувондик. Бундан оила аъзоларим ҳам жуда мамнун. Қишлоқ шароитида аёл кишининг четга бориб ишлаши учун имкон жуда кам. Дала-даштдан бошқа иш топа олмайсан. Бу каби корхоналар сони кўпайсин. Мана шундай эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлаётган Юртбошимиздан жуда миннатдормиз.
Таъкидлаш лозимки, 2019 йилнинг ноябрь ойида иш бошлаган корхонада айни пайтда сифатли бўз матосидан кунига 8 минг дона экопакет тикилиб, экспортга жўнатилмоқда. Бунинг учун корхонага 83 дона замонавий тикув машинаси келтирилган.
Дарҳақиқат, олис ҳудудларда ташкил этилаётган бу каби енгил саноат корхоналари юртимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, энг асосийси, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.